Президент фармони билан яна бир агентлик ташкил этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўтган давр мобайнида узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Шу билан бирга, иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг ягона ва самарали тизимини яратиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун бундай ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илғор хорижий тажрибалар талаблари асосида дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни, шу жумладан, электрон шаклда нашр этиш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимиз манфаатларини профессионал ва юқори даражада муносиб ифода эта оладиган, талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш зарур бўлмоқда.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш, ёш истеъдодларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этишдаги муаммоларни бартараф қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, умумтаълим муассасалари фаолиятини бошқариш ва ташкил этишнинг махсус тизимини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилсин:

Президент мактаблари;

тасдиқланган штат жадвалини ва уларни молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Абдулла Орипов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Ҳалима Худойбердиева ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда – ижод мактаблари);

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али Ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган мактаблар).

3. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш;

давлат таълим стандартларига мувофиқ Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ягона шаклда мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув-тарбиявий жараёнига илғор таълим шакллари, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, бағрикенглик туйғуларини, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматни шакллантириш, уларнинг маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада ошириш;

халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда Президент,

ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар педагогик кадрларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уйғунлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу муассасалардаги бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича ишларни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Агентликнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ўрнатиладиган давлат таълим стандартлари Агентлик томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги “O‘qituvchi” илмий-услубий нашриёт маркази (кейинги ўринларда – Марказ) Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради;

Марказ Агентлик буюртмаси асосида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмаларнинг, шу жумладан, электрон кўринишда тайёрланиши ва нашр этилишини таъминлайди ва улар кейинчалик Агентлик томонидан тасдиқланади.

5. Агентлик иш самарадорлигининг қуйидаги энг муҳим кўрсаткичлари белгилансин:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчиларида, шу жумладан, ватанпарварлик, Ватанга беқиёс муҳаббат ва содиқлик туйғуларини, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур ҳурматни шакллантиришга йўналтирилган таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг давлат ва чет тилларини мукаммал билиши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга малакали ва тажрибали, чуқур билимларга эга, давлат ва чет тилларини, замонавий педагогик технологиялари ва ўқитишнинг инновацион услубларини биладиган педагогларни жалб қилиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун, шу жумладан, ихтисослаштирилган олий таълим тизимининг фаолият юритиши орқали керакли шароитларни яратиш;

Президент мактаблари битирувчиларининг камида 20 фоизи халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида олий таълим муассасалари орасида дастлабки 1 000 та поғонани эгаллаган етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларгаишга жойлашишда кўмаклашиш;

ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий қилган ҳолда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар сониникўпайтириш;

барча Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги асарларга эга бўлган замонавий кутубхоналарнинг ишлаши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқув-услубий жараённи автоматлаштиришни таъминлаш ва уларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқув жараёнига таълимнинг илғор шаклларини, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш мақсадида хорижий таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий спорт зал, инвентарь, ускуна ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш.

Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларни ўз вақтида бажариш ва уларга эришиш бўйича чоралар кўрсин.

6. Агентлик ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин ва уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак кўрсатиш маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Бунда мазкур Фармоннинг 2-бандида назарда тутилган Агентлик бўйсунувига ўтказиладиган ташкилотларни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан, зарур ҳолларда ўқув устахоналари ва лабораториялари, спорт заллари, майдончалар ва бошқа инфратузилма объектларини ташкил этган ҳолда ўқув корпусларини кенгайтириш ишларини молиялаштириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тасдиқланган меъёрлардан келиб чиқиб, энг янги ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, компьютер техникаси, мебель ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) ишларини молиялаштириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқув-услубий раҳбарликни таъминлаш, таълим жараёнини юритиш бўйича хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотлар хизматига ҳақ тўлаш;

Агентликка юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий экспертларни ва чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаш учун жалб қилиш;

Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа чора-тадбирлар.

7. Белгилансинки, Агентлик Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг тасарруф этувчиси ҳисобланади.

8. Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

ижод мактабларида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга қабул қилиш эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида амалга оширилади;

ижод мактабларида ўқувчилар сонидан қатъий назар, 1 штат бирлигида кутубхоначи лавозими киритилади;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари мунтазам равишда ижод мактабларида ўқувчиларнинг ижодий истеъдодини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар олиб боради;

ижод мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатига соатбай ҳақ тўлашга мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бир ой муддатда ижод мактабларини миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги 100 та энг яхши асарлар (бестселлерлар) билан таъминлаш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар ижод мактабларининг кутубхоналарини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот-ресурс базасига уланишини таъминласин.

10. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси” ДУК Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун ёзги спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, шунингдек, Агентлик ва Марказ ходимлари учун дам олиш зонаси қурилиши учун қулай табиий шароитларга эга ер участкасини ажратиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.

Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2019 йил 9 сентябрь


Мақола муаллифи

Теглар

фармон агентлик

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг