Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси Ижроия Қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтида хабар берилди.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аъзоларидан иборат делегацияси Сербия пойтахти Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 141-сессияси ишида қатнашмоқда.

1889 йилда тузилган Парламентлараро Иттифоқ турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилотлардан бири ҳисобланади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир. Айни вақтда Парламентлараро Иттифоққа 178 давлат парламентлари аъзо ҳисобланади. 2017 йил 13 октябрдан Ўзбекистон Республикаси мазкур ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади.

Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқин хамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган. 

Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 141-сессиясида 2020-2022 йилларга Парламентлараро Иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқнинг Ижроия Қўмитаси аъзолигига Акмал Саидовнинг номзоди илгари сурилган эди.

Бугун, 18 октябрь куни ўтказилган юқори мақомдаги мажлисда Акмал Саидов номзоди тасдиқланиб, у Парламентлараро Иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан  Парламентлараро Иттифоқнинг Ижроия Қўмитаси аъзолигига сайланди.  

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вакилининг Парламентлараро Иттифоқнинг Ижроия Қўмитасидаги аъзолиги мамлакатга халқаро парламентлараро тузилмаларининг фаолият майдонларидан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли, узоқ муддатли, конструктив халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, илғор амалиёт билан танишиш, энг муҳими, Ўзбекистон манфаатларига оид долзарб масалаларни фаол илгари суриш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқ

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг