Тошкентда аёл чақалоғи ва онаси билан ертўлада яшаб келган. Масалага Сенат аралашди
Жамият
−
13 Август 2020
18742Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида яшаб келаётган оила ҳақидаги видеолавҳа кенг муҳокама қилинмоқда.
Унда айтилишича, кўчада қолган она ёрдамга муҳтож бўлиб, Сергели туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласи “Ўзар” кўчаси 14-уй ертўласида уч ойлик чақалоғи ва онаси билан бирга яшаб келмоқда.
Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов мазкур масалани жойига чиқиб ўрганди. Бу ҳақда юқори палата Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро А.Иноғомова пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси У.Иноғомова билан руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турадиган опаси Н.Пўлатованинг Сергели туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласи “Ўзар” кўчаси 14-уйида истиқомат қилган. Бир хонали уйда яшаб турган пайтда юзага келган ўзаро келишмовчилик сабаб опаси уларни уйидан ҳайдаган. Оқибатда у уч ойлик фарзанди ва онаси билан ертўлада яшаб туришга мажбур бўлган.
А.Иноғомова Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига ва бошқа бир қатор тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ушбу масала юзасидан МФЙ раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга тегишли кўрсатмалар берган.
“А.Иноғомованинг муаммоси қонуний кўриб чиқилиши учун маълум муддат талаб этилиши табиий. Шу боис, унга ҳозирда вақтинчалик яшаб туриши учун ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ва ижара ҳақи тўлаб берилди”, дейилади Сенат хабарида.
Қайд этилишича, мазкур масала сенаторлар томонидан назоратга олинган ва ижобий ҳал этилади.