...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент шаҳар ҳокимига: Атрофингизда кимлар ишлаяпти?


21:24, 28.08.2018 Таҳлил
 21 554

Ҳоким соат 6:00да кўчада нонушта қилаётганига қараганда, бу кеча иши кўп бўлган, ҳатто, ухламаган деган хаёлга бордик.

Тунов куни сайтимиз кузатувчиларидан бири ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тонг соат 6:00 да ЦУМ атрофидаги ресторанлардан бирида нонушта қилиб ўтирганини кўрганини айтиб қолди. Ҳоким соат 6:00да кўчада нонушта қилаётганига қараганда, бу кеча иши кўп бўлган, ҳатто, ухламаган деган хаёлга бордик.
 
Ортиқхўжаев ҳар гал журналистлар билан учрашганда, саҳарда уйдан чиқиб, ярим тунда кириб келишини, тиним билмай ишлаётганини бироқ одамларни рози қилиш осон кечмаётганини бот-бот такрорлайди. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам буни бир неча бор таъкидлади. Аммо...
 
Тошкент шаҳар ҳокими билан бўлиб ўтган бу учрашув ҳақида ёзишни истамаган эдим. Боиси бу йиғилиш ўзаро ҳурмат руҳидаги фикр алмашувга эмас, аксинча, тарбиявий соатга кўпроқ ўхшади. Ҳоким яна ОАВ ходимларини халқни давлатга қарши қайрашда, шукроналикни унутиб, шикоятчилик руҳини ривожлантиришга дастак бўлаётганликда айблади. Яна деётганимга ажабланманг. Бундан аввалги суҳбатлар ҳам ҳудди шундай кайфиятда кечганди.
 
Ҳоким бу сафар ҳам бирор ОАВдаги яхши материални тилга олмади. Журналистларнинг фалон мақоласини ўқидим, менга ёқди, шундай мақолалар кўпайсин, деб эътироф этмади. Дакки устига дакки, айблов устига айблов...
 
Учрашувда тортишув кўп бўлди. Ҳокимга ола қараганлар, гапларига бош силтаб, уни рад этганлар... Хуллас пичир-пичирлар авжига чиқди. Чидай олмаганлар ўриндиқларини бўш қолдирди, қолганлар туриб, ичидаги сиртига чиқарди. Бор гапни тўкиб солди. ОАВ ходимлари Тошкент шаҳар ҳокимиятининг шахсий томорқасидан ташқарида экани, шаҳардаги айрим ножўя ҳолатларни кўрсатиш, журналистнинг асосий вазифаси эканини тушунтиришга уринди.
 
Депутатлар бош кўтарди. Ўз фикрини дадил айтмоқчи бўлганларни этикани унутганга чиқарди, гўё ўзлари этикани дўнтириб қўйгандек.
 
“Қачон шаҳар ҳокими билан кўришиб, шундай ўтиргансизлар?” Ҳоким учрашувларда бу саволни кўп қайтаради. Тўғри, ҳеч қачон. Чунки, Матбуот хизмати вазифасини аъло даражада бажариб қўярди. Ҳоким журналистлар билан учрашиб, уларга тарбиявий соат ўтишига, негатив материаллар тайёрламанг дейишига ва йиғилиш сўнггида бугунги учрашувни ОАВда ёритмасликни илтимос қилишига имкон қолмаган. Матбуотчиларнинг тилини матбуотчилар топарди.
 
Тошкент шаҳар ҳокимиятидагиларга анчадан буён тушунтиришнинг имкони бўлмаётган бир масала бор ва бу ҳақда ўша кундаги йиғилишда ҳам кўп гапирилди. Журналистга нима керак? Албатта, эътибор! Эътиборки, у ўзи кўтарган бирор масалага нисбатан акс-садо, жавоб кутади. Бирор муаммонинг ортидан тушсаю тегишли ташкилотлардаги айрим мансабдорлар пинагини бузмай ўтираверса, журналист яна қаламини ўткирлайди. Галдаги кўрсатув, эшиттириш ва мақоласини аввалгисидан ҳам ўткирроқ тайёрлашга, раҳбарнинг қулоғигача етиб боришига ҳаракат қилади. Воқеа жойига боради, одамлар билан ишлайди, уларнинг фикрини ўрганади... Масъуллар эса журналист кўтараётган масалага эмас, унинг шахсига эътибор қаратади. Муаммони ҳал қилишдан, журналистни тинчитишни афзал кўради. Овозини бир умрга ё бир муддатга ўчириш пайига тушади. Албатта, масъулиятли, халқини севадиган, Президент айтганидек халқнинг розилиги учун меҳнат қиладиган амалдорлар ҳам йўқ эмас.
 
Аслида стол уриб, журналистлар бил тил топишишни олдига мақсад қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳам айблаб бўлмайди. Айб носоз тизимда, ОАВ билан Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати ишлай олмаётганида. Бу гапни айтишга эса етарли асосларимиз бор.
 
Эски гапларни дастурхонга тўкишдан наф йўқ. Яхшиси шу йиғилишдан кейин рўй берган воқеани айтай: таҳририятимизга Чилонзор тумани 9-мавзедаги 46-уйда яшовчи фуқаролардан шикоят келиб тушди. Бу уйлар бир вақтлар кўзи ожизлар учун қуриб берилган. Ҳозир ҳам унда юзлаб кўзи ожизлар истиқомат қилади. Улар томонидан йўлланган видеомурожаатда айтилишича, 46 ва 44-уйлар оралиғидаги майдонга 3 қаватли дўкон қурилмоқда. Аҳоли эса бундан норози, айниқса, кўзи ожиз кексалар. Боиси улар бу ерларни болалигидан яхши билади. Ўзгартириш қилинмаган, маҳаллада ҳеч кимнинг ёрдамисиз ҳаракатлана оладилар. Кўп қаватли бинони қуриш олдидан тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғинининг эски биносини бузиб, ўрнига янгисини қуриб берган. Аммо халқ розилигини олмаган, туман ҳокими Даврон Хидоятов эса аҳолидан бемаслаҳат қурилиш учун рухсат берган. 10 сотихлик майдонда олиб борилаётган қурилишдан эса ёш-у қари норози. Энг қизиғи на маҳалла раиси, на ҳоким, на бошқа масъуллар халқ дардини тинглаган. Уларга бу қурилишлар ҳақида тушунтириш берадиган одамнинг ўзи йўқ.
 
Хуллас, таҳририятимизга келиб тушган ушбу мурожаат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдик. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг йиғилишдаги гапларидан кейин ушбу масалага ҳамкорликда ёндашиб, бир ёқадан бош чиқариб, мақола тайёрлашни истадик. Ўтган ҳафта шанба куни Матбуот хизмати ходими Тўрабек Тўраевга йўлланган мурожаат бўйича тайин жавоб бўлмади. Қайтага аҳоли айбланди. Қурилиш қонунан олиб борилаётгани айтилди.
 
Кеча, 28 август куни ижодий жамоамиз билан мурожаат тушган маҳаллага бордик. Йўл олдидан Чилонзор тумани ҳокими Даврон Хидоятовга қўнғироқ қилдик. Ҳоким бу ерда фақат маҳалла фуқаролар йиғини қурилаётганини, уч қаватлик бино ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқлигини айтди. Ўзи кела олмаслигини, туман архитекторини юборишини қўшимча қилди.
 
Икки соатдан ошиқ шу ҳудудда бўлдик. Одамлар билан гаплашдик. Бизга сектор раҳбари пешвоз чиқди, вазиятни тушунтирди. Туман ҳокимининг топшириғи билан бир ярим соат деганда етиб келган ҳуқуқшунос ва архитектор уч қаватлик бино ҳақида тўғри-тузук маълумот бера олмади. Расмий ҳужжатларни ҳам кўрсатмади.
 
Чилонзордан таҳририят томонга йўлга чиқаётганимизда Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати ходими Тўрабек Тўраевга қўнғироқ қилдик. Жавоб бўлмади, қайта қўнғироқ қилгани ҳам йўқ. Матбуот котиби Хусниддин Эргашев билан боғландик. Котиб уялмай ёлғонни маржондек ипга терди: соат 12:00 да туман ҳокими, прокурори билан бордим, яқинда кетдим, уларни огоҳлантирдим...
 
“Нега ёлғон гапиряпсиз, соат 11:00 дан буён биз шу ердамиз. Туман Ички ишлар бўлими бошлиғидан бўлак ҳеч ким келгани йўқ. Соат 13:30 гача шу ерда бўлдик-ку”, деганимизни биламан, Хусниддин Эргашев тўнини тескари кийди. “Йўқ, мен бормадим, менга уларни борди деб айтишди. Ҳайдовчисидан сўрагандим”.
 
Кўряпсизми, Тошкент шаҳар ҳокимиятида кимлар ишлаяпти. Шунинг учун ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевга осон тутаётганимиз йўқ. Ҳокимиятнинг ичидагилар ҳокимнинг кўзига парда тортиш билан овора. Аслида бундай одамлар ҳамма давлат ташкилотида топилади, ҳатто, Президентнинг атрофида ҳам.
 
Тошкент шаҳар ҳокимиятида журналистларга қўл узатиб, уларнинг ишига кўмакчи бўладиган, муаммоларни бирга ҳал этишга бел боғлайдиган мард йўқ. Ҳар ҳолда борлигини биз сезмадик. Яна ким ёмон, журналист ёмон. Яна ким виждонсиз, журналист виждонсиз. Ким Тошкент шаҳар ҳокими ва ҳокимиятини қуруқдан-қуруқ танқид қиляпти. Шу эси йўқ журналистлар.
 
Эслайсизми-йўқми “Qalampir.uz” бундан бир неча ой аввал Чилонзордаги хароб ётоқхонада 5 йилдан буён уй берилишини кутиб яшаётган 80 нафар етимлар ҳақида мақола тайёрлаганди. Биринчи ва иккинчи материалга на Тошкент шаҳар ҳокимиятидагилар ва на Чилонзор тумани ҳокими муносабат билдирди. Аксинча, бу қуруқ тухматлигини айтиб, “Qalampir.uz” мухбирини ёлғон мақола ёзишда айблади. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шахсан ўзи бу масалага Москвадан туриб эътибор қаратди. Матбуот хизматига алданмади, вазиятни ўз кўзи билан бориб кўрди, 40 кун ичида 80 нафар етимларга уй бериш бўйича қарорни имзолади.
 
Аслида ҳар бир ташкилотдаги Матбуот хизматининг вазифаси аввало ОАВдан келиб тушган мурожаатларни ўрганиб, уларни тегишли мансабдорлар ва масъуллар билан биргаликда ҳал этиб, шикоятларга ўз вақтида жавоб қайтаришми ё ташкилотга адвокатлик қилиш? Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати эса баландпароз гаплар, нинадек ишни филдек қилиб кўрсатиш ва шаҳарнинг обод, гўзал ва саришта нуқталаридан видеоролик тайёрлашдан ортаётгани йўқ. Ёрилиб ётган қувур, кесилаётган дарахтлар, норози шаҳарликлар дарди уларга бегона. ОАВ билан ҳамкорликни бу алфозда яна қанча давом эттириш мумкинлиги бизни ўйлантиряпти, холос.
 
Ҳоким ўз қўл остидагиларнинг қилмишидан бехабар журналистлардан норози. Журналистлар эса ўртадаги Матбуот хизмати қолиб ҳокимнинг танқидларига жавоб қайтариш пайида. Матбуот хизмати ўзи масъул бўлган ишни тўғри ва тизимли бажармай, сувдан қуруқ чиқаётгани етмаётгандек, ҳокимни журналистларга, журналистларни ҳокимга душман қилаётгандек.
 
Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизматида жуда катта жамоа, “адвокатлар гуруҳи” фаолият юритмоқда. Иши нима дейсизми? ОАВ билан мулоқотни бир тарафлама йўлга қўйиш. Ўзи суратга олади, ўзи видеолавҳа тайёрлайди ва ҳаммага ўзи узатади, шуни эълон қилиб беринглар деб буйруқ ҳам беради. ОАВдан тушган мурожаатлар эса стол остида қолиб кетаверади. Асосий сабаб улар на Ватанни, на жамиятни ва на одамларни севади. Қилаётган ишини севса ҳам катта гап. Бундай йирик жамоа кимга, нимага керак?
 
Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизматидагилар ҳам журналист, ҳам ҳокимлик ходими сифатида виждонига икки карра савол бериши керак. Улар одамларга қандай ёрдам беряпти? Келинг, саволни бироз ўзгартирайлик: улар шаҳарликларни севадими? Мен Тошкентни севаман дейиш билан, Тошкентни, тошкентликларни, халқни севиш орасида ер билан осмонча фарқ бор.

Ҳурматли Жаҳонгир Обидович! Бугун Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати,  матбуотдан Тошкентнинг ташвишларини унутиб, фақат қувончларини ёритишни сўраяпти десак ҳеч муболаға бўлмаса керак. Тошкентнинг дардини кўтариб чиқмаган ОАВ тошкентликларга керакми? Сиз ҳоким бўлган пойтахти азимнинг муаммосини яшириб ўзини бефарқ тутган ОАВ сизга ёрдамчими? Матбуот хизматингизнинг ҳокимият номидан, яъни Сизнинг номингиздан матбуот билан ҳамкорликдаги “роли” Сиз билан матбуот ўртасига “буфер” бўлиб, сизни биздан, бизни сиздан йироқ тутиш бўлмаса керак? Сизга Президент томонидан юқори ваколатлар берилиб, пойтахт минтақаси ҳар жабҳада ислоҳотлар учун тажриба майдонига айлантирилганда, шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидагиларнинг дунёқарашига таяниб, ҳокимият ва матбуот ҳамкорлигини ўтган асрга қайтаришдан маъни бўлмаса керак?

Сиз ҳоким бўлиш учун ҳоким бўлган эмассиз, Сиз Президентимиз ишончи билан Тошкент шаҳрини дунё марказларидан бирига айлантириш учун бел боғлаган ҳокимсиз. Тошкент шаҳрида муаммо йўқ эмаслигини Сиз ҳам биласиз, биз ҳам. Бу муаммоларнинг илдизи анча аввалларга бориб тақалишини инкор этган кимса йўқ. Шундай экан, матбуот хизматингизнинг “юксак тавсиялари”га кўра, муаммони йўқ дейишдан кўра, уни кўтариб чиқиб, биргаликда ечим излаш маъқулроқ эмасми? Ўз ўрнида матбуотга ҳам тўртинчи ҳокимият мақоми бежиз берилмаганини таъкидлаб ўтиш жоиз...
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари
 

Теглар:Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимияти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!