“Сардоба фожиаси”: Ҳукумат комиссияси таркибига Сангинов ҳам киритилди

Жамият

image

Сардоба сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 май куни қабул қилинган “Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида қайд этилган.

Ҳукумат комиссияси зиммасига қуйидаги вазифалар юкланди:

“Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши оқибатида иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт ва ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа, аҳоли уй-жой фонди, нотурар жой биноларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;

сув тошқини оқибатида эвакуация қилинган ва зарар кўрган фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш, вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий-психологик ёрдам ва бошқа зарур шароитларни яратиш;

сув тошиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хўжалигини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш;

қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган барча турдаги қурилиш материалларининг миқдорини аниқлаш ва уларни республиканинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан керакли ҳажмда етказилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар, экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш чораларини кўриш;

тез кунларда нобуд бўлган экин майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни ташкил этиш, зарар кўрганқишлоқ хўжалиги объектларинитиклаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш;

“Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошишига олиб келган сабабларни ҳар томонлама чуқур ва атрофлича ўрганиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг республика миқёсида олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш;

республикамизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари жисмоний хавфсизлиги, яхлитлиги ва бутлигини доимий мониторинг қилиш, ўз вақтида назорат-профилактика тадбирларини ташкил этиш, сув омборлари ва тўғонларга туташ ҳудудлар ва аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқароларни фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ҳақида хабардор этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чоралар кўриш;

сув омборлари ва тўғонлардан сув тошиши даврида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатлар алгоритми ва ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш.

Шунингдек, Ҳукумат комиссияси қуйидагиларни таъминлайди:

Сирдарё вилоятининг сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бошқарув органлари ва сектор раҳбарларининг суткалик навбатчилигини ташкил этиш;

мутасадди вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида етказилган зарар ва йўқотишлар кўламини ҳамда ажратиладиган молиявий маблағларни инобатга олган ҳолда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш;

сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинган фуқароларни вақтинчалик яшаш манзилларига жойлаштириш, уларни озиқ-овқат ва дори воситалари, зарур гигиеник воситалар билан таъминлаш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эвакуация қилинган аҳолининг тиббий кўрикдан ўтказилиши, уларнинг вақтинчалик яшаш манзилларида санитар-эпидемиологик тадбирларни ўтказиш.

Ҳукумат комиссиясига Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислик қилади. Фавқулодда вазиятлар вазири (айни пайтда Президент маслаҳатчиси) Турсинхон Худойберганов, Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев комиссия раисининг ўринбосарлари этиб тайинланди.

Ҳукумат комиссияси таркибига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов киритилмаган, бироқ рўйхатда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси Абдуғани Сангинов бор. Қайд этиш керакки, ижтимоий тармоқларда "Сардоба" сув омбори қурилишига Сангинов бошчилик қилгани ва лойиҳа тендерсиз унинг ўғли раҳбарлик қиладиган компания берилгани ҳақида маълумотлар тарқалган. “Ўзбекгидроэнерго” тарқалган маълумотларни инкор қилувчи баёнот билан чиқди.

Қуйида Ҳукумат комиссиясининг тўлиқ таркиби билан танишишингиз мумкин:

А.Н. Арипов — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Комиссия раиси

Т.А. Худайбергенов — Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

Ў.И. Барноев — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари

Ғ.Ғ. Мирзаев — Сирдарё вилояти ҳокими, Комиссия раисининг ўринбосари

Н.Т. Йўлдошев — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Б.Н. Қурбонов — Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

Ш.Ў. Собиров — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

Б.И. Закиров — Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

Т.А. Ишметов — Ўзбекистон Республикаси молия вазири

Р.Т. Маматов — Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири

Ш.Р. Хамраев — Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири

А.К. Шадманов — Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

М.Х. Салиев — Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

Р.М. Джураев — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони

А.Х. Қўлдошев — Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

И.Р. Махкамов — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи

У.М. Мустафаев — “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси

Б.К. Зарипов — “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси

А.А. Сангинов — “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси

Х.Н. Хасилов — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси

А.М. Хидиров — Сардоба тумани ҳокими

Д.Т. Фозилов — Оқолтин тумани ҳокими вазифасини бажарувчи

Х.К. Абдуллаев — Мирзаобод тумани ҳокими


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

723

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг