Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив таълим жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4860-сон қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Норма" хабар берди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

•    2020-2025 йилларга халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) ва 2020-2021 йилларда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
•    алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари).

Концепция икки босқичда амалга оширилади.

2021/2022 ўқув йилида:

•    тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизими жорий қилинади;
•    Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан умумтаълим мактабида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлар очилади;
•    Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этилади.

Инклюзив таълим тизимини жорий этиш бўйича ижобий тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига босқичма-босқич татбиқ этилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

•    ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълимни 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилади;
•    ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 10-11-синф (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 8-9-синф) ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг қисқартирилаётган ўқув соатлари доирасида касб ўқитиш курслари ташкил этилади.

Касбга ўқитиш курсларини ташкил этишда методик ёрдам кўрсатиш, ўқув жараёнини самарали олиб бориш ва малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш учун профессионал таълим муассасалари ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказлари ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бириктирилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бошланғич таянч коррекцион синфларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим бериш мослаштирилган (адаптив) ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштиришда махсус педагоглар ва тьюторлар (ёрдамчи педагог ходимлар) яқиндан кўмаклашади. Тьютор сифатида тегишли малакага эга волонтёрлар ва олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишидаги юқори курс талабалари педагогик амалиёт даврида ихтиёрийлик асосида жалб қилинади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда профессионал таълим муассасалари учун умумий давлат гранти асосида қабул кўрсаткичларининг 2 фоизгача бўлган қисми ушбу шахсларга ажратилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида тўланади;

б) қуйидагиларнинг:

•    “Меҳрибонлик” уйлари республика соғломлаштириш оромгоҳи раҳбарининг базавий тариф ставкаси миқдори “Меҳрибонлик” уйларининг тегишли раҳбар ходими базавий тариф ставкасининг 90 фоизига тенглаштирилади;
•    “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари психологларининг базавий тариф ставкаси миқдори умумтаълим мактаблари психологлари базавий тариф ставкасига тенглаштирилади;
•    “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари тўгарак ва мусиқа раҳбарлари, меҳнат ва тренер йўриқчисининг базавий тариф ставкаси миқдори “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази қошида “Инклюзив таълим лабораторияси” ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

инклюзив таълим

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар