Ўзбек клублари ишончни оқламади. “Пахтакор”дан аламли мағлубият
Спорт
−
21 Май 2019
4863Аввал маълум қилганимиздек, кеча, 20 май куни Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи сўнгги тур ўйинларига старт берилди.
Гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш учун имкониятни сақлаб турган Ўзбекистоннинг ягона клуби “Пахтакор” кеча Саудия Арабистонида “Ал Аҳли” клуби меҳмони бўлди. Ўйин жуда шиддатли кечи аввалдан маълум эди. Сабаби мана шу ўйин натижаси икки клубнинг бирига навбатдаги босқич йўлланмасини берарди.
Амалда дурранг натижа ҳам “Пахтакор”ни кейинги босқичга олиб чиқса, меҳмонларни фақат ғалаба қаноатлантирар эди. Шу сабабдан ўйинни ўзбекистонликлар бироз эҳтиёткорлик билан ўтказди. Биринчи таймда томонлар гол кирита олишмади.
Иккинчи таймда жиддаликлар ғалаба кераклигини ҳис қилган ҳолда ҳужумга отланишди. Натижада, учрашувнинг 69-дақиқасида Умар ал-Сома ҳисобни очди. Шундан сўнг “Пахтакор” ҳам ўткир ҳужумлар ташкил этишни бошлади. Ўйин якунига икки дақиқа қолганида иккинчи тайм аввалида заҳирадан майдонга тушган Игорь Сергеев ҳисобни тенглаштирди.
Бу ҳисоб тошкентликларни тўла қониқтирар эди ва бор йўғи қўшиб берилган дақиқаларда эҳтиёткорликни қўлдан чиқармаса бўлгани эди. Аммо, учрашувга қўшилган дақиқаларнинг иккинчиси ўтиб бораётган бир паллада “Пахтакор” ҳимояси қўпол хатога йўл қўйиб, ўз дарвосидан ўйиндаги сўнгги голни ўтказиб юборган ҳолда аламли мағлубиятга учради.
“Ал Аҳли” – “Пахтакор” 2:1 (0:0, 2:1).
Жидда шаҳри, “Қирол Абдулла Фаҳд” стадиони.
Голлар: Умар ал-Сома (69, 1:0), Игорь Сергеев (88, 1:1), Абдулраҳмон Ғариб (90+2, 2:1).
"Ал Аҳли": 33. Муҳаммад Овайс, 3. Муҳаммад Фатил, 17. Пауло Диаз (16. Нуҳ Иброҳим, 46), 23. Абдуллоҳ Тармин, 37. Абдулбосит Ҳинди, 75. Адерлан Сантос, 35. Юсуф Ҳарби (8. Тайсир ал-Жассим, 53), 7. Салман Мувашар, 10. Абдулфаттоҳ Асири, 21. Хорхе Семедо, 9. Умар Сома (с).
“Пахтакор”: 35. Санжар Қувватов, 34. Фарруҳ Сайфиев, 15. Егор Кримец (55. Марко Симич, 80), 23. Шерзод Аъзамов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 20. Одил Ҳамробеков, 27. Сардор Собирхўжаев (29. Владимир Козак, 63), 9. Жалолиддин Машарипов, 10. Драган Черан, 17. Достонбек Ҳамдамов (11. Игорь Сергеев, 46), 21. Марат Бикмаев.
Огоҳлантиришлар: Юсуф ал Ҳарби (38), Кримец (51), Ҳинди (73), Абдуллоҳ Тармин (82), Алижонов (86).