Ҳукумат валюта курсига аралашмаяпти – Мамаризо Нурмуротов доллар курси нега кўтарилаётганини тушунтирди
Жамият
−
15 Апрель 2020
9458Ўзбекистонда сўнгги кунларда хорижий валюта, хусусан, доллар курсининг сўмга нисбатан кўтарилиб кетиши кузатилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов вазиятга изоҳ бериб, жараённи алмашинув курсининг тўғриланиши деб баҳолади.
МБ раиси ташқи савдо айланмаси ва қўшни давлатлардаги вазият курсга қандай таъсир қилаётганини ҳам тушунтириб берди. Мамаризо Нурмуратов аввало Ҳукумат валюта курсига аралашмаётганини таъкидлаб, бундай қилиш яхши оқибатга олиб келмаслигини айтиб ўтди.
“Марказий банк ёки Ҳукумат алмашув курсини бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланишига аралашмайди. Агар биз курсга аралашиб туриб, бозор қоидаларини бузсак, уни кейинчалик тўғирлаш жуда ҳам қийин бўлади. Апрель ойининг ўтган икки ҳафтасида валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам айирбошлаш курси ўртача 6,5 фоизга ошиши кузатилди. Агар ёдингизда бўлса, ўзимизнинг хабарномаларимизда валюта курсининг ўзгариши бўйича кутилаётган жараёнлар, бўлаётган ўзгаришлар, апрелнинг биринчи ўн кунлигида бевосита бизнинг нақд валюта айирбошлашимизда кўринаётганини таъкидлаб ўтган эдик", деди Мамаризо Нурмуратов.
Марказий банк раиси валюта курсининг ўзгаришини таклиф камайгани ҳолда талаб ортиб бораётгани билан тушунтирди.
"Бунга ўз навбатида ички валюта бозоридаги валютага бўлган талабнинг таклиф ҳажмидан ошиши натижасида, алмашинув курсининг маълум даражада тўғирланиши деб қарашимиз лозим. Чунки жорий йилнинг март ойидан бошлаб, ривожланаётган давлатлар, хусусан асосий савдо ҳамкорларимизнинг валюта курсларининг кескин қадрсизланаётганини кузатмоқдамиз. Ушбу ҳолат, албатта, бизнинг алмашинув курсимизга ҳам таъсир ўтказади.
Энди нима учун биз буни маълум даражада курснинг тўғриланиши деб қарашимизга изоҳ берадиган бўлсак, ушбу ҳолат бугун қўшни давлатларда, глобал иқтисодиётда бўлаётган ўзгаришлар бизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу, албатта, валюта айирбошлаш соҳасида бўлаётган ўзгаришларга ҳам тегишлидир. Шу сабабли, қўшни давлатлардаги валюта курсининг бизни валютамизга таъсири, биринчидан, тўғридан-тўғри ташқи савдо операциялари ва четдан пул ўтказмалари ҳажмларининг ўзгаришига таъсир кўрсатадиган бўлса, иккинчиси, бирвосита аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг девалвацион кутилмалари орқали таъсир кўрсатади. Ҳозир қайд этиб ўтилганидек. Қўшни давлатлардаги курсларнинг қадрсизланиши, қўшни давлатлардаги иқтисодий ўзгаришлар албатта, бизни ташқи савдо алоқаларимизда ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, фундаментал омиллар билан кутилмалар бир-биридан катта фарқ қилади. Чунки, қўшни давлатларда валюта айирбошлаш курсида бўлаётган ўзгаришлар, албатта, бизни аҳолимизда, бизнес субъектларимизда девалвацион кутилмаларни шакллантирган эди. Бу кутилмалар бевосита валюта тушумлари ҳақида ҳам, экспорт ва пул ўтказмалари бўйича ҳам сезиларли камайишда ўз аксини топди. Лекин айни пайтда импортга бўлган талаб ўтган йилги даражада сақланиб қолаётган йўқ. Бу ўз навбатида бизни курсимизни кескин пасайиб кетишига имкон яратмайди ва уни юмшатиш учун хизмат қилади.
Агар бевосита тадбиркорлар ва аҳолида нега шундай девалвацион кутилмалар вужудга келди деб қарайдиган бўлсак, март ойида пул ўтказмалари ҳажми февраль ойига нисбатан 23 фоизга пасайди. Апредь ойининг дастлабки 10 кунида март ойининг мос даврига нисбатан қарийб 3 бараварга қисқарди. Ҳамма масала бу ерда одамларимиз ва тадбиркорларнинг кутилмалари юқорилигача сақланиб қолмоқда. Натижада валюта биржасида таклиф сезиларли камайган бўлса, аксинча, валюта айирбошлаш шохобчаларида аҳоли томонидан сотиб олиш ҳажми юқори суръатларда ошиши сақланиб қолди”, дея тушунтирди Мамаризо Нурмуратов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 апрель куни Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 15 фоизга туширди. Бу қарор инфлация даражаси пасайгани билан изоҳланди.