... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Тирикчилик деган иддао ўзбекни нималарга дучор этяпти?


20:33, 18.04.2018 Таҳлил
 13 323

Бу гапларни овоз чиқариб айтсанг, ишсизлик, тирикчилик, дейишади. Кийим-кечак, тилла ва бошқа буюмларни ҳеч қандай божхона тўловисиз Ўзбекистонга олиб келиб пуллаш тирикчилик бўлдими?

Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари


Яқиндагина “Qalampir.uz” интернет нашрида эълон қилинган “Нонда ҳам, калишда ҳам, чак-чакда ҳам сигарет. Ўзбеклар яна шарманда қилди” номли хабар мени ушбу мулоҳазаларни ёзишга ундади.
 
Касбимиз сабаб кўп сафарга чиқишга тўғри келади. Баъзан Ўзбекистон бўйлаб, гоҳида юртдан ташқарига. Ўтган йили бир неча бор Туркияга бордик. Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга учадиганлар қаерда рўйхатга олинаётганини сўраб-суриштирмай, эълон тахталарини кузатмай, осон топиш мумкин. Қайси рўйхатга олиш столи атрофида аёллар кўп, шовқин-сурон авжига чиққан, юк сумкасини қайта очиб, бошқа жомадонга жойлаган, “шуни олиб ўтолмайсизми” деб ҳали унга, ҳали бунга сиғинди бўлиб юрганларга кўзингиз тушса, билингки, улар Туркияга отланган.
 
Бу Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида гувоҳ бўлганимиз. Балки, Самарқанд халқаро аэропортида ҳам шундай ҳолатга дуч келарсиз. У ердан ҳам ҳафтасига бир неча бор Самарқанд-Истанбул-Самарқанд парвози амалга оширилади.
Фалончи журналист кўп миқдорда сигарет аэропортда билан қўлга тушибди...
 
Ўтган йилнинг май ойида саёҳат сабаб Туркияга йўл олдик. Андишани йиғиштирдим, Тошкентда ким келиб “юкимни олиб ўтиб беринг” деса, йўқ деб туравердим. Истанбулда самолётдан тушгач, бир аёл йўл кўрсатди, тезроқ юришимизни, бўлмаса, ортимиздан югуриб келаётган ҳамюртларимизнинг оёғи тагида қолишимизни айтди. “Хорижлик фуқаролар эмас, турк ватандошлари рўйхатдан ўтадиган қисмга борамиз, бўлмаса навбат пойлаб анчагача оёқда қоласиз, икки ўртада жанжал чиқади”, деди ҳалиги аёл.


 
Жанжал, шовқин-суронга, айниқса, навбат кутишга хушимиз йўқлигини сезганидан хурсанд бўлиб, ортидан эргашдик. Паспортларни текшириб, кириб келувчи фуқароларни қабул қилиб олаётган қиз ҳам узоқ ушламади, 5 дақиқада рўйхатдан ўтдик. Ич-ичимдан қувондим: халқимиз самимий, меҳрибон, жигаржон. Бир самолётда келиб, ҳали танимаган одамига ёрдам бераётган бу аёлдан миннатдор эдим. Тўғри-да, бундай вақтда ҳамманинг кўзига фаришта кўринади улар.
 
Аёлнинг мақсади кўп ўтмай аён бўлди. Жомадонларни элтиб берадиган тасма ёнига яқинлашганимизда “ёрилди”. Турклар ёмон, кўйлагингизнинг астар-аврасигача титиб, текширади. Укажон, энди сиз ҳам менга бир яхшилик қиласиз”. Миннатини пайқагандек бўлдим. Агар жомадонидаги сигаретларларнинг ярмини олиб чиқиб беришимни илтимос қилишини билганимда, икки дунёда “жоним билан” демасдим.
 
Қувлик ҳам шунчалар бўладими? Мен ўзимча бунча меҳрибон экан бу аёл, деб юрибман. Майли, олиб чиқишга ёрдам берарман, лекин қўлга тушиб қолсам-чи?! Мусофир юртда шарманда бўлиб, полиция маҳкамасида ўтиришим борми? Журналист бўлмасам ҳам майли эди, бутун Ўзбекистонга фалончи журналист Истанбул аэропортида кўп миқдорда сигарет олиб кираётганда қўлга тушди, деган гап-сўзлар чиқиши ҳам бормиди ҳали? Ичимга тушган бу ғулғула ҳа деса сўнмади.
 
— Кўринди, ана келяпти. Биринчисида 10 та блок бор, –деди “меҳрибонимиз”.
— Биринчиси деганингиз нимаси, яна қанча бор?
— Ия, укам, шундан-шунга 10 та блок олиб келаманми? Яна 20 та бор, 10 тасини сиз, 10 тасини дўстингиз олиб чиқиб беради. – Ўзим етмагандек, у аёл билан ҳатто, салом-алик қилмаган дўстим ҳам “сигарет машмашаси”га шерик бўлди.
 
Аёлдан узоқлашиб, нарироқ борай, шу тариқа кўзидан ғойиб бўлай деганим сари ортимдан соядек эргашди. Ниҳоят жомадонларимиз чиқди. Кетайлик десак, рўйхатдан навбат кутмай осонлик билан ўтишимизда йўл кўрсатди. Ёрдам  берайлик десак, қонун олдида жавоб беришимизга тўғри келади.
 
— Опа, унутибман. Ўзимизнинг ҳам жомадонимизда сигаретлар бор-ку. Сизга ёрдам берсак, аниқ қўлга тушамиз, – деб баҳона қилдим.
— Шуни боядан бери айтмайсизми, чекмайдиганга ўхшагандингиз-ку, – деганича қолди ҳалиги аёл.
 
Турли важ-корсонлар билан савдогар опамиздан қочишга улгурдим. Эшик остида яхшигина текширишди, айниқса, Ўзбекистондан келаётганимизни билгач, сигарет йўқми, деб алоҳида сўрадилар. Нега бундай савол беришганига унчалик тушунмадим. Савол мазмуни эса кейинги кунларда Туркия бўйлаб саёҳат давомида аён бўлди.
 
Ўзбекистон божхоначиларининг кўзи қаерда?
 
Истанбулда ўзбеклар кўп. Бозор дейсизми ёки ресторанлар, хусусан, шаҳарнинг европа қисмида миллатдошларимизга кўп дуч келдик. Аксариятидан эшитган саволимиз шу: сигарет олиб келмадингизми?
 
Суриштириб билсак, Ўзбекистондан тижорат мақсадида келадиганлар ўзи билан тамаки маҳсулотларини “кўтарасига” олиб келаркан. Йўл пули чиқмаса ҳам, ётоқ пули чиқсин, деса керакда. Туркияда эса тамаки маҳсулотлари қимматмиш. Шунинг учун ўзбек моҳожирларининг мамлакатдан келадиган нон, гўшт маҳсулотлари ва сариқ сабзи қатори сигаретга бўлган талаби ҳам юқорилигини билдик.
 
Истанбулда ўзбек миллий таомлари ресторани бор. Саёҳатимизнинг чамаси олтинчи кунида шу ресторанга кирдик. Не кўз билан кўрайки, аэропортда зўрға қочиб қутулганим, ўша сигаретли аёлга қаршимда турибди.
 
— Ия, сиз ҳалиям шу ердамисиз, ўша куни мени алдаб кетдингиз-а, – дея гап қотди ҳалиги опахон.
— Шу ердамисиз деганингиз нимаси, келганимизга бир ҳафта ҳам бўлмади-ку. Мана, ўзингиз ҳам шу ерда экансиз...
— Мен икки кундан кейин ортга қайтиб, молларимни ташлаб, бугун тонгда яна келдим.
— Сигаретлар нима бўлди, қўлга тушмадингизми?
— Ҳаммаси жойида, аэропортдан чиқишим билан талаш бўлиб кетди. Кейинги келишимга кўпроқ олиб келдим.
 
Аёл билан суҳбатимиз узоқ чўзилмади, биз ундан нарироққа бориб ўтирдик. Шу билан қайтиб юзлашмадик.
 
Шу ўринда савол туғилади. Бу аёллар шунча қути сигаретни Ўзбекистон аэропортларидаги божхоналардан қандай олиб ўтяпти? Жумладан, 5 минг қути сигарет билан Истанбул халқаро аэропортида қўлга тушганларни Ўзбекистондан чиқиб кетаётганида ҳеч ким пайқамаганми? (!) Шунча сигаретни нон, чак-чак, калишнинг орасига жойлашнинг ўзи бўлмагандир, ахир?!
 
Бунга ўхшаш воқеаларга нафақат мен, балки кўплаб сафарга чиққанлар дуч келган бўлиши аниқ. Энг қизиғи, бундай ҳолатлар Туркиядан Ўзбекистонга қайтишда ҳам кузатилади. Юкни белгиланган миқдордан ортиқ олиб, самолёт чиқиш эшигида дардисар бўлиш, ҳали унга, ҳали бунга ялиниб юкини ўтқазишга уриниш, камига тилламни олиб ўтиб беринг, шу пакетни олволинг кўринишидаги илтимослар, гоҳида дўқ-пўписалар ҳар қандай кишининг сафардаги кайфиятига салбий таъсир этмай қолмайди. Бошқаларни билмадим, менда шундай бўлди.
 
Тиллам қани, туринг, тагингизда қолмадими?
 
Самолётга чиқдик! Ана энди ҳузур ҳаловатда кетамиз, деганда бирдан аёллар ўртасида жанжал кўтарилди. Икки ўртада мақтаниб кетаётган тилласи қўлидан тушиб кетиб, самолётдаги йўловчиларнинг ярми етти букилиб тиллани қидирди. “Топдим, бўлди, топдим! Ўриндиқнинг орасига кириб қолган экан”. Топмай ҳар нарса бўл, дегинг келади шунақа пайт.
 
Ўзбекистонликларнинг бундай хатти-ҳаракатларидан уялганимдан кейинги сафар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК эмас, “Турк ҳаво йўллари” хизматидан фойдаландим. Аҳвол ундан ҳам баттар. “Бизнес-класс”да учганимизга қарамасдан, у ерни ҳам тижоратчи аёллар эгаллаб бўлганига гувоҳ бўлдик. На ўзи тинади, на бошқаларнинг тинч кетишига йўл қўяди. Ҳали “Эконом-класс”дагилар билан бориб бир нарсаларни гаплашиб келади, ҳали ён-атрофидагилар билан гурунг, ҳиринг-ҳиринг...


 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳақида сўз очилса, хизмат сифатидан нолишганини эшитганман. Лекин ўша сафардан кейин улардан миннатдор бўлдим. Турк лайнери хизматчилари ҳам айрим ўзбеклар билан қўпол, менсимай муомала қилаётганига гувоҳ бўлдик. Уларни қоралашга, пулини оляпти-ку дейишга шошилманг. Самолёт қўнмасидан ўрнидан туриб, эшик олдига келиб олган, кўтарилаётган чоғида ҳимоя тасмаларини тақиб ўтириш ўрнига, бортнинг у бошидан, бу бошига қатнаб юрганларга сиз қандай муомала қилардингиз? Ахир самолётда учиш қоидалари у ҳаракатга келгунча бир неча бор тушунтирилади-ку.
 
Ўзбекистондан хорижга сигарет олиб бориб сотмаган аёлларнинг куни ўтмаяптими?
 
Бундан ҳам қизиқлари Тошкентга етиб келгач, аэропортда бўлди. Йўлак югуриш майдончасини эслатарди. Финиш – рўйхатга олиш кабинаси. Одамлар бир-бирини туртган, оёғини босган, бақириб-чақирган. Орадан чақалоқ йиғиси эшитилади. “Болалиларни ўтказиб юборинглар”. Қани йўл берилса... Ҳозир кабиналар сони ортган, аэропортга боғлиқ аввалги муаммоларга барҳам берилган, аммо одамлар ўша-ўша.
 
Биласиз, аэропортимиз эски. Янгиси битгунча эскисини кўзимизга суртиб туришга мажбурмиз. Жомадонларни элтиб берувчи тасма секин ҳаракатланади. Буни аэропортда баъзан 30 дақиқа, баъзан 1 соатгача юкини кутиб қолганлар яхши билади. Аммо бу дегани унинг устига чиқиб, қувлашмачоқ ўйнаш, тешикка бош суқиб, меникидан дарак борми, дейиш эмас-да. Айримларнинг икки уч араваларни тасманинг “биқинига” тираб туриб олишидан эса оёқ босарга жой қолмайди. Бундай ҳолатлардан эса Ўзбекистонга келаётган туристлар ёқа ушлаётгани ҳам бор гап.
 
Буларни овоз чиқариб айтсанг, ишсизлик, тирикчилик, дейишади. Кийим-кечак, тилла ва бошқа буюмларни ҳеч қандай божхона тўловисиз Ўзбекистонга олиб келиб пуллаш тирикчилик бўлдими? Ўзбекистондан хорижга сигарет олиб бориб сотмаган аёлларнинг куни ўтмаяптими? Нима, ҳафтада икки марта Туркияга бормаганларнинг уйида қозон қайнамай қоляптими? Буни тирикчилик дейишмайди, нафс қуллиги дейишади...
 
Юксак маънавиятли халқ вакиллари эканимизни кўп таъкидлаймиз. Буни бошқа элатлар ҳам эътироф этишини истаймиз. Мана шундай ҳолатларни кўргандан кейин, ҳар қайси ўзбекка – у хоҳ тижорат, хоҳ таълим, хоҳ саёҳат учун хорижга борган бўлмасин, ҳаммасига шубҳа ва қўполлик билан муомалада бўладилар. Қадрингизни, қадримизни чақаларга алмашманг!

Теглар:Сигарет 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!