Пойтахт Тошкентда кимлар депутатликка сайланди?
Жамият
−
13 Январь 2020
7191Аввалроқ, бугун, 13 январь куни 6-чақириқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтаётгани, унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Арипов иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Сессияда 2019 йилнинг 22 декабрь ва 2020 йилнинг 5 январь кунлари бўлиб ўтган сайлов натижалари ҳақида Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Равшан Ҳакимов маълумот берди.
Қайд этилишича, 5 сиёсий партиядан Тошкент шаҳар депутатлиги учун кўрсатилган номзодлар 60 та сайлов округида тенг рақобат олиб борганлар. Сайлов натижаларига кўра, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши тўлиқ шаклланган.
Натижаларга кўра, депутатларнинг 22 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан, 12 нафари “Адолат” социал-демократик партиясидан, 11 нафари “Миллий тикланиш” демократик партиясидан, 11 нафари Халқ демократик партиясидан ва 4 нафари “Экологик” партияси номзодларидир.
Халқ депутатлари Тошкенрт шаҳар Кенгашига сайланган 60 нафар депутатларнинг 17 нафари, 28,3 фоизи аёллардир. Депутатларнинг 2 нафари – 30 ёшгача, 30 нафари – 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганларни ҳамда 28 нафари 50 ёшдан катта ёшдагиларни ташкил этади.
Депутатларнинг 57 нафари, ёки 95 фоизи ўзбек миллатига мансуб. Бошқа миллат вакиллари эса жами уч нафар бўлиб, улардан 2 нафари рус миллатига, бир нафари эса қозоқ миллатига мансуб.
Сессия давом этмоқда.
LiveБарчаси