Ўзбекистонда барча ўқув муассасалари 5 кунлик ўқиш тизимига ўтади
Жамият
−
12 Декабрь 2019
17666Ўзбекистондаги барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, бир ой муддатда ёшлар ўртасида мамлакатнинг маданий меросини оммалаштириш, тарихий обидаларни танитишга, шунингдек, аждодлар томонидан тўпланган маданий меросни асраб авайлаш, уни ўсиб келаётган авлод тарбиясига таъсирини ошириш борасидаги жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат грант танловларини ташкил қилишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига киритади;
Ўзбекистонда туризм соҳаси билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, уларнинг сайъи-ҳаракатларини туризм соҳасидаги ислоҳотларга сафарбар этиш ҳамда ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида ёшлар туризми бўйича жамоат бирлашмаларини ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ойлик муддатда ички туризмни ривожлантириш доирасида ўқувчи ва талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари саёҳатларини самарали ташкил этиш мақсадида барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишги таътил даврини узайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқади ва киритади.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси