Роспотребнадзор кўршапалаклардаги коронавирусларни текширишни бошлади
Олам
−
25 Август 2020
7257Россия истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлигини ҳимоя қилиш соҳасини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роспотребнадзор) кўршапалакларда коронавирус бор ёки йўқлигини текширишни бошлади. Текширувлар Россиянинг турли ҳудудларида яшовчи кўршапалакларда олиб борилади. Бу коронавируснинг тарқалиш йўллари ва эпидемиологик хавф даражасини аниқлаш имконини беради, деб ишонилмоқда.
Қайд этилишича, Роспотребнадзорнинг Эпидемиология илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари Россиянинг турли ҳудудларида: Москва шаҳри ва Москва вилоятида, Марказий-Чернозём минтақаси ва Жанубий федерал округида (Воронеж ва Волгоград вилоятлари, Краснодар ўлкаси) яшовчи кўршапалакларда коронавируслар бор-йўқлигини билиш бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб бормоқда.
Ташкилот кўршапалаклар турларида коронавируслар учрашини баҳолаш, уларда топилган вирусларнинг ҳозиргача маълум бўлган вируслар билан яқинлиги даражасини аниқлаш ҳамда ҳайвонлар бўлувчи коронавирусларнинг биологик хилма-хиллиги ҳақида маълумотлар олишни режалаштирган. Шунингдек, кўршапалаклар ҳаракатланиши харитасини таҳлил қилиш ва вирусларнинг тарқалиш йўлларини баҳолаш мақсад қилинган. Тадқиқот олимларга эҳтимолий эпидемик хатарларни аниқ ва батафсилроқ баҳолаш имконини беради.
Олимлар Москва, Воронеж ва Волгоград вилоятлари, Қора денгиз соҳилларида учрайдиган кўршапалаклардан кўпгина биологик намуналар олган. Намуна олингач, жониворлар қўйиб юборилган. Ҳаммаси бўлиб 1,5 мингтадан кўпроқ кўршапалакни ўрганиш режалаштирилган.
Маълумот учун, янги турдаги коронавирус билан касалланиш 2019 йилнинг охирида Хитойда бошланди. Вируснинг тарқалиш ўчоғи Ухан шаҳридаги ёввойи ҳайвонлар сотиладиган маҳаллий бозор бўлгани тахмин қилиниб келинади. Аммо ҳозиргача бунинг аниқ исботи йўқ ва коронавирус манбаси ҳали топилмаган. ЖССТ тахминига кўра, коронавирус одамларга ҳайвонлардан юққан ва вируснинг дастлабки манбаси кўршапалаклар бўлган.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь