Сурайё Раҳмонова Бош прокуратурани “ёпиб” кетди...ми?

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаб келган Отабек Муродовнинг курсисидан юлиб олиниши, унга нисбатан жиноят иши очилиши ва Бош прокурор лавозимини Сенат раиси сифатида фаолият олиб борган Ниғматилла Йўлдошев эгаллаши ортидан Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари сифатида майдон марказида турган Сурайё Раҳмонова ҳам прокуратурани тарк этди. У ўша куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи ўлароқ иш бошлади. 

Сурайё Раҳмонова охирги бир йилда прокуратурадаги очиқлик ва шаффофлик, тезкор ахборот  етказиб, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш тизимини Бош прокуратурадан ўзи билан олиб кетгандек. Гап шундаки, Раҳмонова даврида Бош прокуратура эшиклари журналистлар учун очилди. У хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро ОАВ вакили бўлсин, прокуратура, хусусан Матбуот хизматига йўллаган ҳар қандай мурожаати, саволи жавобсиз қолдирилмади. Раҳмонова журналистларнинг ҳар бири билан мулоқот ўрнатди. Куну тун Telegram’дан шахсий ёзишмалар орқали журналистларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар юборди. 

Халқаро ОАВда чиққан ахборот ёки миш-мишлар жавобсиз қолмади. Уларга тезкор муносабат билдирилди. 

Раҳмонованинг прокуратурадан кетгани биринчи кунларданоқ сезилди. Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 5 июль куни Бош прокуратура Матбуот хизматига янги раҳбар тайинланди. Фарғона вилояти прокурорининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келган Ҳаёт Шамсуддинов Бош прокуратурада фаолиятини бошлаганига бугун 5 кун тўлди. Бу орада QALAMPIR.UZ Шамсуддинов билан алоқа ўрнатиш, мунтазам мулоқотда бўлиш, Раҳмоновадан қолган анъанани давом эттириш мақсадида Бош прокуратурага қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган ходим барча ОАВ ходимларининг телефон рақамлари ва маълумотлари тўпланаётгани, кейинроқ, Telegram мессенжери орқали Ҳаёт Шамсуддинов билан мулоқот ўрнитиш мумкин бўлишини маълум қилди. 

Орадан яна вақт ўтди. Бу орада эса прокуратурага аталган саволлар қалашиб қолди. Тошкентда журналистлардан бирининг ҳибслангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ҳаёт Шамсуддиновга қўнғироқ қилдик. У журналистнинг ҳибслангани ростлиги, лекин бу ҳақда маълумот беролмаслиги, қолаверса, ҳибсланганини тасдиқлолмаслигини ҳам айтди. (!)

Шу бугунгача Бош прокуратурадан қанчадан-қанча масалалар юзасидан маълумот олган бўлсак, ҳеч қандай жавоб бу қадар мужмал бўлмаган. “Гўё ёзсанг ёз, жавобини ўзинг берасан”, дегандек гапдан додимизни кимга айтаримизни билмай қолдик. 

Раҳмоновани мақташ, уни кўкларга кўтариш фикридан йироқмиз. Шунчаки, унинг қилган меҳнатини тан олиш ҳам керак. У ҳеч қачон саволларни жавобсиз қолдирмаган. Ҳолбуки, сукут сақлайдиган, тергов сири бўлган масалалар юзасидан юзлаб мурожаатлар бўлган, лекин улар бўйича жавоблар аниқ, конкрет эди ва ортиқча саволларни келтириб чиқармасди. Боиси Раҳмонованинг ҳам ҳаётий, ҳам фаолиятдаги тажрибаси ОАВ билан муваффақиятли мулоқотининг катта омили бўлган. 

41 ёшли Раҳмонова – юридик фанлар доктори. Қолаверса, Тошкент давлат юридик институтида ва Бош прокуратуранинг Олий таълим курсларида дарс бериб келган. Табиийки, тингловчилар, талабалардан турли саволлар тушади. Кишини қийин вазиятга солувчи мурожаатлар ҳам бўлган. Раҳмоновага журналистлар билан мулоқотида айнан аудиториядаги тажрибаси ас қотган бўлса ажабмас. 

Маълуомот ўрнида, Сурайё Раҳмонова томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида қисқа вақт ичида QALAMPIR.UZ`да 50 га яқин хабарлар эълон қилинган. 

Охири 5 кунликда ОАВда Ҳаёт Шамсуддинов берган бирор маълумот асосида хабар ё мақола эълон қилинганича йўқ. 

Бош прокуратура оммавий ахборот воситалари билан муносабатларни очиқ ва шаффоф ҳолатда сақлаб қолишига умид қиламиз. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Сурайё Раҳмонова Ҳаёт Шамсуддинов

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг