“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК паркига бешинчи “Орзу кемаси” етиб келди

Жамият

image

Кеча, 2 июль куни соат 18:35 да Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аеропортига Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг бешинчи Boeing 787-8 Dreamliner самолёти қўнди.

Сиетлдан Тошкентгача 12 соатга яқин давом этган тўғридан-тўғри парвоз муваффақиятли бажарилди. Янги самолётни Миллий авиакомпания экипажи: МАК учувчилар мажмуасининг учувчи-инспектори Иосиф Зак ва Boeing 787 ҳаво кемаси командири Малик Аҳмедов бошқарди. Тошкентга келишдан аввал самолёт “Boeing” компаниясининг Эверетт шаҳридаги аеродромида парвоз ва ер усти синовларидан ўтди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап, “Uzbekistan airways technics” авиакорхонаси директорининг ўринбосарлари Андрей Маргачёв ва Валерий Косов МАКнинг бешинчи Dreamliner`ини ишлаб чиқарувчи заводидан қабул қилиб олишди. Синов парвозлари давомида авиалайнернинг барча механизмлари текширилди ва зарурий тадбирлар амалга оширилди.

UK-78705 регистрация рақами берилган ушбу янги самолётда ҳам ёнилғи  сарфлаш самарадорлиги оширилган ва шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага карбонат ангидрид газининг ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Aviation компаниясининг GEnx-1B турбопарракли реактив двигателлари ўрнатилган. Мазкур янги лайнер парвоз пайтида кенг миқёсда интернетга уланиш учун сунъий йўлдош станциясига эга бўлган авиакомпаниянинг бешинчи самолётидир. У олдинги тўртта авиалайнерлар каби МАК авиапаркини рақобатбардошлик ва хавфсизликни таъминлаш учун замонавий самолётлар билан жиҳозлаш ва кенгайтириш инвестицион лойиҳаси доирасида сотиб олинган.

Авиалайнер 246 та (бизнесда – 24 та ва эконом классда – 222 та) йўловчини ташишга мўлжалланган. Унда йўловчилар учун максимал қулайликлар яратилган. Шинам самолёт саҳни, қулай ва кенг ўриндиқлар, янги пол қопламлари, ёритиш ва товуш изолацияси, индивидуал кўнгилочар дастурли HD сенсор мониторлар, Интернетга уланиш учун Wi-Fi тармоғи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” йўловчиларига парвоз давомида максимал қулайлик ва яхши кайфиятни таъминлайди. Panasonic Avionics Corporation компанияси Миллий авиакомпаниянинг A320neo ва олдинги Boeing 787-8 Дреамлинер самолётларидаги каби бортдаги алоқа провайдери ва парвозлар кўнгилочар тизими (Inflight Entertainmentand Connectivity) нинг етказиб берувчиси ҳисобланади. Мазкур янги авиалайнерда Франкфурт ва Пекинга парвозларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда Boeing 787-8 Dreamliner`ига биринчи бўлиб буюртма берган авиаташувчидир. МАК Dreamliner`ларнинг тижорий эксплуатациясини  2016 йил сентябрда бошлаган. Бугунги кунда мазкур ҳаво кемаларида Европа, Осиё, Америка мамлакатларига ҳамда Аляскадан Янги Зеландиягача бўлган масофаларда парвозлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг ривожланиш режаларига мувофиқ, миллий авиаташувчи 2020 йилда олтита ушбу турдаги самолётга эга бўлади ва МДҲ мамлакатларида бундай самолётларнинг етакчи эксплуатантига айланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ҳаво йўллари Dreamliner

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг