Тбилисида намойишчилар полиция билан тўқнашди

Олам

image

Кеча, 17 апрель куни кечқурун минглаб Тбилиси аҳолиси Грузия парламенти биноси олдида “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилиб, яна намойишга чиқди. Бу ҳақда “Рустави 2” телеканали хабар берди.

Парламент “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди. Овоз беришда фақат парламент кўпчилик вакиллари иштирок этди. Ҳужжат учун 83 депутат овоз берди. Грузия мухолифати қонун лойиҳаси “хорижий агентлар” тўғрисидаги Россия қонунчилигини такрорлайди, деб даъво қилмоқда.

Кечқурун парламент олдига йиғилган намойишчилар расмийлардан қонун лойиҳасини бир соат ичида қайтариб олишни талаб қилди. Бу амалга ошмагандан сўнг, намойишчилар тинч йўл билан ҳукумат биноси томон йўл олди ва у ерда Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашишга эришмоқчи бўлди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳукумат биноси олдиндан полиция томонидан ўраб олинган. Намойишчилар бинога киришга уринган, улар билан полиция ўртасида бир неча бор тўқнашув содир бўлган.

Грузия Ички ишлар вазирлигига кўра, митинг чоғида айрим намойишчилар “тинч намойиш ўтказиш талабига бўйсунмай, зўравонлик қўллаган”. Оқибатда икки киши ҳибсга олинган. Улардан биридан тиғли қурол мусодара қилинган.

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили агар ҳужжат уч ўқишда ҳам қабул қилинса, “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига вето қўйиш ниятида эканини маълум қилди.

"Мен ҳақиқатан ҳам бу қонунга вето қўяман, менинг ветом халқ овозидир", деган сиёсатчи BBC News билан суҳбатда.

Унинг фикрича, қонун “айрим ҳукумат амалдорларининг Грузиянинг Европа интеграциясига тўсқинлик қилиш ниятини яққол кўрсатиб турибди”.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Тбилиси намойиш хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made