Эртадан нима мумкину нималарга чеклов бор? Тўлиқ рўйхат билан танишинг

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан Ўзбекистонда карантин чекловлари 15 июндан 1 августга қадар узайтирилди ва бир қатор чекловлар олиб ташланди. 

Хўш, эртадан нималар мумкину нималарга ҳамон чекловлар сақланиб қоляпти? Қуйида шуларни элакдан ўтказамиз. 

Энг асосий янгиликлардан бири – эртадан “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилади.

Шу билан бир қаторда умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:

•    банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;

•    фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;

•    столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш; 

•    бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш; 

•    ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; 

•    ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш.

Болани "боғлаб" боқаётганлар борми? Улар учун яхши янгилик. Новдавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилади.

15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган бўлиб, бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинди.

Бунда:

•    мактабгача таълим ташкилотлари биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;

•    ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши; 

•    тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.

“Яшил” ва “сариқ” ҳудудларда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилади.

Бунда: 

•    буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши;

•    уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши;

•    сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши; 

•    ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган  ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

“Яшил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳудудлар ўртасидаги автобус қатновларига рухсат берилади.

Бунда ташувчилар фаолияти қуйидаги талаблардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади:

•    транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш;

•    автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш; 

•    ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш.

“Яшил” ва “сариқ” тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида қуйидаги поездлар қатнови тикланишига рухсат берилди:

Тошкент - Бухоро - Тошкент;
Тошкент - Термиз - Тошкент;
Тошкент - Хива - Тошкент;
Тошкент - Нукус - Тошкент;
Андижон - Хива - Андижон;
Андижон - Бухоро - Андижон;
Андижон - Термиз - Андижон.

Бунда, Транспорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб поездлар қатнов режасини белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда “Афросиёб” поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

Хорижга чиқиш ниятида юрганлар эртаданоқ авиакассаларга мурожаат қилиши мумкин.

Бироқ, хорижга чиқиш ва Ўзбекистонга кириши мумкин бўлган шахслар рўйхати аллақачон шакллантирилган. Қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга кириш ва чиқишга рухсат берилди:

а) Ўзбекистон Республикасидан кириш ва чиқишга рухсат берилди:

•    хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;

•    инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;

•    даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;

•    хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;

•    хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;

•    Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

б) ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга рухсат берилди. Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.

P.S.: Юқорида келтириб ўтилганлар билан биргаликда, жамоат жойларида тиббий ниқобдан ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш бўйича санитария-гигиена талабига қатъий риоя этилиши, шу жумладан ижтимоий масофани сақланиши устидан назоратни кучайтириш белгиланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

1474

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг