Ўзбекистонда жаноза намозлари ихчам тарзда ўтказилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 20 март куни Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди. Зарур ҳолларда ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидлади.

“Дарҳақиқат, маййитга жаноза намозини ўқиш фарзи кифоя бўлиб, вафот этганнинг яқинлари иштирокида адо этилса ҳам бўлади. Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) маълумотида. 

Жаноза, дафн ва таъзия маросимларида гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозимлиги таъкидланган. Махсус комиссия қарорида худойилар ҳам 10-15 киши атрофида, фақатгина хонадонларда ўтказилиши қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор 15 март куни кузатилди. Айни кунда, мамлакатда инфекцияга чалинганлар сони 42 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

жаноза коронавирус

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг