Татуировка тери саратонига сабаб бўлади...ми?
Саломатлик 21 Февраль 21:41 4241
image

Бундан бир неча йил аввал одамлар орасида ўз танасига турли суратларни, шаклларни чиздириш, ёздириш – яъни татуировка қилдириш одат тусига айланиб қолганди. Бундай ҳолатни ҳатто таниқли шахсларда ҳам учратганмиз.

Татуировка дастлабки йиллар моданинг бир кўриниши сифатида намоён бўла бошлади. Айниқса, ғарб юлдузларининг татуировка қилинган танасини реклама қилиб суратга тушиши ёки шунга монанд тарзда кийиниб юриши бошқаларни ҳам кўр-кўрона эргашишига сабабчи бўлди. Бироқ кўп ўтмай унинг зарарлари юзага чиқди.

Татуировканинг тарихига оид маълумотлар у илк бор Мисрда пайдо бўлганидан далолат беради. У пайтларда одамлар ўзларининг маълум бир қабилага тегишли эканлигини, ижтимоий идентификаторларини кўрсатиш ва шу орқали жангларда ҳимояланиш мақсадида танасига турли белгиларни чиздирган.

Профессор Риккенинг таъкидлашича, европаликларнинг татуировка ҳақидаги қарашлари ва уни ўзларида синаб кўришлари XVIII асрнинг бошларида юзага келган.

Жараён қандай кечади?

Татуировкани амалга ошириш учун махсус аппаратлар мавжуд. Жараён нақш ёки суратнинг катта-кичиклигига қараб бир неча соатгача давом этиши, бу вақтда танада енгил қон кетиши кузатилиши мумкин. Аммо ҳамма ҳам унинг оғриқларига чидай олмайди.

Татуировканинг зарарли оқибатлари

Татуировка қилдирганларнинг деярли ярмидан кўп қисми вақт ўтиб ўз хатти-ҳаракатлари учун афсуслана бошлайдилар. Бунда унинг зарарлари кейинчалик юзага чиқиши сабаб бўлади. Хўш, булар нималарда кўринади?

Инфекцион хавф

Татуировка қилдирган шахсларда юқумли касалликларга бўлган мойиллик юқори бўлади. Сабаби жараён давомида фойдаланилган игналарнинг янги эканига ёки махсус воситалар ёрдамида тозаланганига ҳеч ким кафолат бермайди. Қолаверса, нақш чизилганда, бўёқлар 3 мм чуқурликдаги терига тушади. Агар унинг битиб кетишига 2 ҳафтадан бир неча ойгача вақт кетишини ҳисобга олсак, ҳар бир нотўғри ишлов ва ноқулай шароит инфекция тушиб терини бутунлай зарарланишига сабабчи бўлиши мумкин.

Аллергик реакция 

Бу кишидаги безовталаниш жараёнини келтириб чиқарувчи асосий касаллик ҳисобланади. Одатда, ишлатиладиган бўёқлар таркибида қандай моддалар борлигини ҳеч ким билмагани ва бунга қизиқиб кўрмагани натижасида аллергик реакциялар деярли ҳар уч одамнинг бирида юзага келиши аниқланган.

Даволаниш жараёнидаги мураккабликлар 

Татуировка даврида яллиғланиш хавфи жуда кучли бўлади. Бунда кичик бир эътиборсизлик ёки эҳтиётсизлик яраларнинг битиш вақтини узайтириши ёки умуман битмай туриб касалланишига сабаб бўлади.

Кейинчалик юзага келадиган асоратлар

Татуировкадан сўнг тери турли ташқи таъсирларга аввалгига нисбатан сезгир бўлиб қолади. Мисол учун, қуёш нурлари, косметик бўёқлар, дорилардан узоқроқ юриш талаб этилади. Натижада шахс ўзи истаб-истамай турли воситалардан воз кечишига тўғри келади.

Тери саратони

Татуировка учун фойдаланиладиган бўёқлар инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган яна бир воситалардан ҳисобланади. Унинг бора-бора қонга сўрилиши ва терига сингиши саратон хавфини кўпайтиради.

Шунингдек, инсон ҳаёти учун энг катта хавф деб қараладиган қон орқали юқадиган касалликлар – ОИТС, ОИВ ва Гепатит Сга чалиниш эҳтимоли татуировкада юқори даражада бўлади.

Донорлик 

Татуировка қилинган шахсларга 12 ой давомида донор бўлиш тақиқланади. Уларда қон орқали тушиши мумкин бўлган вируслардан ҳимояланиш даражаси паст бўлгани сабабли ҳам бу жараёнга деярли жалб қилинмайди.

Татуировкаларни ўчириб ташлаш мумкинми?

Татуировкаларни фақатгина мутахассис шифокор ва профессионал косметолог маслаҳати билан лазер ёрдамида ўчиртириш мумкин. Ўзбекистонда бу хизмат нархи 150-200.000 сўмдан (энг арзони) бошланади. Бироқ ҳамма ҳам бир босқичда ундан қутула олмайди. Сабаби қора бўёқларга нисбатан қизил ва сариқ рангдаги бўёқларни ўчириб ташлаш кўпроқ вақт ва маблағ талаб қилади. Шунингдек, натижа кўп ҳолатларда кичик яралар ёки қизил рангдаги чандиқлар ҳосил бўлиши билан тугайди.

1961 йилда жуда кўп давлатлар татуировкага чекловлар қўйган. Айни пайтда АҚШда ҳам бу жараён назорат остига олинган. Фақатгина Россияда татуировка бўйича ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмас.
​​

Манзура Сайфиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 57
Рейтинг: 3.4
Теглар