Карантин вақтида МИБ ходимларини уйма-уй юришлари тўғрими?
Жамият
−
26 Март 2020
15133Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, бюро давлат инспекторлари ҳар ойда истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ ҳажмини аниқлаши, бунинг учун истеъмолчининг ҳисобга олиш ускуналарининг кўрсаткичларини жойида олиб, дастурга киритишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Коронавирус пандемияси Ўзбекистонда аниқлангач, барча соҳа ва йўналишларда карантин режими ўрнатилди. Ана шундай вазиятда мажбурий ижро бюроси фаолиятида қандай ўзгаришлар кузатилади? МИБ ходимларининг уйма-уй юриб, қарздорликларни ундириш фаолияти давом этадими?
“Бугунги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ушбу фаолиятни амалга оширишда давлат инспекторлари гигиена-хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этади. Бундан ташқари, истеъмолчилар ўзларининг электр энергияси ва табиий газ ҳисобга олиш ускуналарининг кўрсаткичларини мобиль алоқа воситалари орқали давлат инспекторларига масофадан туриб жўнатишлари ёки мазкур кўрсаткичларнинг фотосуратларини Telegram’даги махсус ботга юборишлари мумкин. Бюро давлат инспекторлари ушбу кўрсаткичларни махсус электрон базага кириб боради”, дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шавкат Ҳайдаров.
Таъкидланишича, ушбу-чора тадбирлар келгусида давлат инспекторлари томонидан истеъмол ҳажмини ўз вақтида аниқланмаслиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши, дастурда истеъмолчиларни нотўғри қарздорлик ҳисобланиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси