Танзила Норбоева АҚШда! У Трампнинг ёрдамчиси билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева айни вақтда АҚШда бўлиб турибди. У Вашингтонда Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича бир қатор учрашувлар ўтказди.

"Cotton Campaign" халқаро коалиция йиғилишида иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрган Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ президенти ёрдамчиси ўринбосари Лиза Кёртис, давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс, шунингдек давлат котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак билан учрашди.

Лиза Кёртис билан учрашув давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлардаги ролини кенгайтириш, жумладан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларига мурожаат қилинди. Оқ уй вакили республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни, айниқса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ ишларни юқори баҳолаган.

АҚШ дипломатларининг фикрича, Ўзбекистон расмий делегациясининг "Cotton Campaign" йиғилишида биринчи марта иштирок этиши республика раҳбариятининг инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотларни тўлақонли амалга оширишга қатъий бел боғлагани ва Тошкентнинг барча масалалар бўйича очиқ ҳамда конструктив мулоқотга тайёр эканини тасдиқлайди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Элис Уэллс Ўзбекистонда нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлар фаоллашувини олқишлади. Унинг фикрича, айни дамда Ўзбекистондаги ислоҳотларда кузатилаётган очиқлик ва шаффофлик мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Дипломат Ўзбекистон-Америка ўртасидаги барча йўналишдаги ҳамкорлик, конструктив мулоқот ва фикрлар алмашинуви тажрибасини юқори баҳолади ҳамда икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги маслаҳатлашувнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Тошкентга ташрифини интизорлик билан кутаётганини таъкидлади.

Давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак билан музокаралар давомида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қишлоқ хўжалик секторидаги ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан алоқалар, нодавлат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини амалга ошириш жараёнларини соддалаштириш, ОАВ эркинлигини таъминлашга доир амалий чоралар муҳокама қилинди. Дипломат Ўзбекистон нафақат мажбурий меҳнатни йўқ қилиш масаласида, балки диний эркинликни таъминлашда ҳам сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади.

Қайд этилишича, бу хизматларнинг эътироф этилишига мамлакатнинг АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат департаменти ҳисоботларидаги позицияларининг яхшиланиши ҳамда унинг "диний эркинлик бўйича алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар рўйхати"дан чиқарилиши сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Танзила Норбоева Ўзбекистон-АҚШ

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг