Қандай ҳолларда ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин эмас?

Фойдали

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 10-банди билан, 2019 йил 1 июлдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланди.

Бунда, солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти орқали реал вақт режимида аниқланади.

Солиқ қонунчилигига киритилган ушбу талабнинг мазмун ва моҳиятини аниқ билиб олиш учун қуйидаги ҳолатни кўриб чиқамиз.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган “А” корхона томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган “Б” корхонага реализация қилинган 100 млн сўмлик товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳисобварақ-фактурада жами 120 млн сўм, шундан 20 млн сўми ҚҚС эканлиги кўрсатилган. 

Содир этилган ана шундай ҳолат бўйича Солиқ кодексининг 118-моддасига мувофиқ, “А” корхонага нисбатан ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 20 фоизи, яъни 4 млн сўм жарима қўлланилади ва “А” корхона томонидан ҳисобварақ-фактурада ассосиз кўрсатилган 20 млн сўм ҚҚС суммаси билан бирга, жами 24 млн сўмни бюджетга тўлаши шарт бўлади. 

Чунингдек, жорий йил 1 июлдан киритилаётган талабга мувофиқ, товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчи “Б” корхонага нисбатан жарима солиш қўлланилмасада,  ушбу корхона қўшилган қиймат солиғи бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт бўлади. Яъни, корхона қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли,  аввал ҳисобга олган 20 млн сўмни қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетга тўлаб беришга мажбур бўлади. 

Солиқ тўловчиларнинг ана шундай ноқулай аҳволга тушиб қолмасликларини таъминлаш ҳамда солиқ муносабатларида бўладиган бизнес ҳамкорларни, бошқача қилиб айтганда ўз контрагентларининг:

  • давлат солиқ ҳизмати органларида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги;
  • бизнесда тутган ўрни;
  • молиявий ҳолати;
  • ишлаб чиқариш базаси ҳамда малакали ишчиларининг мавжудлиги каби жиҳатларини олдиндан ўрганиш орқали мажбурий эхтиёткорлик чораларини қўллаш тавсия этилади.

Бунинг учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб сайтига кирилиб, “ҚҚС тўловчиларни аниқлаш” тугмаси босилади.

Бизнес ҳамкорнининг ҳолатини аниқлаш қулай бўлиши учун уни вилоятлар, туманлар, кесимида шунингдек, корхона номи ёки СТИР орқали излаш функсияларини амалга ошириш мумкин.

Бунда “Корхона номи ёки СТИРни киритиш” ойнасига изланаётган корхонага тегишли бўлган идентификация рақамини киритган ҳолда “излаш” тугмаси босилса бас, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган корхона бўйича Сизни қизиқтирган барча рухсат этилган маълумотлар билан танишиш имкони мавжуд. Жумладан:

  • ҚҚС тўловчиси бўлган корхонанинг номи;
  • рўйхатдан ўтган вилоят ва туман номи;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақами ва давлат рўйхатидан ўтказилган сана;
  • ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги;
  • Охирги топширилган ҚҚС ҳисоботи (қайта ҳисоботи) санаси;
  • Охирги ҳисобот бўйича ҳисобланган ҚҚС суммаси;
  • ҚҚС бўйича охирги маротаба амалга оширилган тўлов.

Давлат солиқ кўмитаси томонидан кўрсаталаётган ушбу хизмат,  Сизнинг контрагентингиз қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини аниқлаш ҳамда қоидабузарликнинг содир этилиши хавфини олдини олиш имкониятини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ ҚҚС Солиқ қўмитаси

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг