Moody’s: “Коронавирус пайтида Ўзбекистон банклари барқарорликни сақлаб қолади”

Жамият

image

“Moody’s” халқаро рейтинг агентлигининг 2020 йил 8 апрелда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси банк тизими прогнози “барқарор” даражада сақлаб қолингани маълум қилинди. Бунда республика банк тизимининг МДҲ мамлакатларига нисбатан Коронавирус пандемиясининг таъсирига бардошлироқ эканлиги асосий омил сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича, экспертлар Ўзбекистонда давлат секторининг мамлакат иқтисодиёти ва банк тизимида салмоқли улушга эга эканлиги ва моддий захиралар яратганлиги коронавирус тарқалиши сабабли иқтисодий фаолият бузилишининг банкларнинг активлари сифатига бўлган таъсирини чеклайди, дея ҳисобламоқда. Мустаҳкам моддий захиралар ва олдинги катта даромадлар иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун етарли дея ҳисобланмоқда. 

Бироқ, давлат банкларидаги кредитларнинг ўсиши уларнинг ликвидлик захираларига нисбатан босимни кучайтиради, дейилади хабарда.

 “Moody’s” агентлиги фикрича, қуйидаги омиллар Ўзбекистон банк тизимининг барқарорлигига ижобий таъсир қилади:  

• банк тизими кредит портфелида давлат корхоналарига берилган кредитлар устунлик қилиши ва ушбу қарз олувчилар давлатнинг ёрдамига суяниши мумкинлиги берилган кредитлар ишончлилигини ошириб,   банклар активларининг сифати ёмонлашиши хавфини камайтиради;

• республиканинг асосий савдо ҳамкор давлатлари, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия миллий валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланишига қарамай, сўмнинг қиймати АҚШ долларига нисбатан барқарор бўлиб қолди. Бу, ўз навбатида, хорижий валютада ифодаланган активларнинг инфляцияга учраш хатарини чеклайди ва капитализация даражасининг барқарорлигини таъминлайди;

• ЯИМнинг 52 фоизи қийматига тенг захиралар билан Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодиёти ва банк тизимини қўллаб-қувватлаш учун катта салоҳиятга эгадир.  

Шу билан бирга, агентлик томонидан қуйидаги салбий омиллар санаб ўтилган:

• Коронавирус пандемияси туфайли ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Бундан биринчи навбатда кичик ва ўрта бизнес субъектлари, жисмоний шахслар, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари чакана савдоси, умумий овқатланиш корхоналари, транспорт ва туризм соҳасига оид бизнес субъектлари ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар зарар кўради;

• банкларнинг миллий валютадаги омонатларини хорижий валютага конверсия қилиш натижасида омонатлар чиқиб кетишини олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ молиялаштириш харажатлари ошган сари Соф фоизли маржа (Net interest margin) камаяди. Бу, юқори захира тўловлари билан бирга, рентабелликни пасайишига олиб келади;

• секторнинг ўртача ликвидлик коэффициенти 2020 йил 1 март ҳолатига жами активларнинг қарийб 16 фоизини ташкил қилди. Давлат банкларида кредитлашнинг ўсиши ҳисобига ликвидлик захиралари босим остида қолади.

Маълумот учун, “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги 1909 йилда тузилган америка компанияси бўлиб, бизнес ва молиявий таҳлиллар олиб боради. Халқаро агентликнинг рейтинглари муҳимлигининг боиси молия бозорида қарз инструментлари нархини белгилашдаги ролидир. Масалан, агентлик рейтингида Ўзбекистон Aaa/AAA/AAA баллга эга бўлса, В1 рейтингидаги давлатдан 1,5 фоиз пастроқ нархда қарз олиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Moody’s банк коронавирус

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг