Ўзбекистондаги 31 та шаҳарда канализация тизимини қуриш керак

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 31 та йирик ва ўрта шаҳарлар, 156 та туман марказларининг канализация тизимини қуриш ҳамда модернизация қилиш вазифаси муҳим бўлиб турибди. Канализация тизими Қаршида 45 фоиз, Андижонда 37, Нукусда 30, Наманганда 10 фоизга таъминланган.

Бугун, 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда коммунал хўжалик соҳасидаги лойиҳалар ҳам синчиклаб кўриб чиқилди. Тармоқда ислоҳотлар деярли кўринмаётгани, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Фақат 18 та йирик ва ўрта шаҳар учун халқаро молия ташкилотларининг 912 миллион доллари жалб қилинган. Ҳисоб-китобга кўра, барча канализация лойиҳалари учун 2 миллиард 600 миллион доллар талаб қилинади. Хусусий шериклар билан биргаликдаги шаҳар канализацияси модернизацияси ҳам бюджетга енгиллик бўлади, ҳам хизмат сифати яхшиланади.

Ундан ташқари, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарлари иссиқлик таъминотини шерикликка бериш моделлари бўйича таклифлар киритилади.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Сардор Умурзоқовларга ҳар чоракда давлат-хусусий шерикликдаги барча лойиҳаларнинг ижросини муҳокама қилиб, зарур чораларни белгилаб бориш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь куни Францияга амалга оширган ташрифи давомида Veolia Environnement француз компанияси Тошкент шаҳри сув тозалаш ва тақсимлаш тизимини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Ўшанда икки мамлакат тегишли идоралари ўртасида меморандум имзоланди.

Ўшанда Veolia бош директори Антуан Фреро келишув Ўзбекистон пойтахти сув таъминоти тизимига янги технология ва стандартларни жорий қилиш имконини бериши, шартнома 25 йилга мўлжаллангани ва у 1,5 миллиард еврога тенг эканини айтганди. Бироқ, орадан икки йилга яқин фурсат ўтди ҳамки, ушбу лойиҳа старт олгани йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

канализация

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг