Саломатлигингизга фойдали брокколи
Саломатлик
−
22 Май 2019
12976Брокколи – карамдошлар оиласига мансуб, бир йиллик ўсимлик, гулкарамнинг ўзгарган тури ҳисобланади. Жанубий Италия брокколини ватани бўлиб, қадимги Римда уни 2 минг йил олдин ҳам етиштирилган. Бу экин Италиядан Византияга, кейинчалик эса бошқа Европа давлатларига кенг тарқалган. АҚШда карамнинг бу тури 1925 йилдан бери экиб келинади ва бугунги кунда майдони гулкарамникидан ҳам кўпайиб кетган. Ҳозирги вақтда брокколи етиштириш Япония, Италия, Германия, Англия, Франция, Канада, Швеция, Польша, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда сезиларли даражада кўпайган. Мамлакатимизда брокколи ноанъанавий, кам тарқалган сабзавот экинларига киради. Уни айрим ҳаваскор сабзавоткорлар чекланган миқдорда етиштириб супермаркет ҳамда бозорларда сотмоқдалар.
Брокколи карамини бошчалари ва ёш поялари янгилигича ва қайта ишланган ҳолда ишлатилади. Уларни ёш шохчалари қайнатилиб, қовурилган ҳолда шўрваларга солинганда жуда мазали бўлади. Турли таомларга ишлатишдан олдин броколлини йўғон поялари олиб ташланиб, шўр сувда қайнатиб олинади. Унинг ёш барги ва ўзаги турли таомлар тайёрлашда фойдаланилади. Брокколини янги, ёш барглари мазаси исмалоқ, баргли карамлар мазасига тенглаштирилади.
Брокколидан кўплаб таомлар тайёрлаш мумкин. Жумладан, брокколи солинган қўзиқоринли салат, ўсимлик ёғи солиниб тайёрланган брокколи салати ва бошқалар. Унинг маҳсулоти бошқа карамларга нисбатан тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. У енгил ўзлаштириладиган оқсилга бой (3,2–4,5%) бўлиб, миқдорига кўра картошка, ширин жўхори ҳамда исмалоқдан устун туради. Ундаги оқсил таркибида антисклеритик модда ва метионини (4мг/100 г) бўлиши организмда холестеринни кўпайиб кетишига тўсқинлик қилади. Оқсили таркибидаги ноёб аминокислоталар мол гўштидаги лизин, изолейциндан, трифтафон миқдори эса тухумдаги оқсил таркибидан кучлидир.
Брокколи карамида кўплаб углеводлар бўлиб, унинг поялари қандга бой. Жами шакар миқдори 1,5–3,8 фоизни ташкил этиб, унинг умумий миқдорини 5–10 фоизини сахароза, 0,4–0,5 фоизини крахмал, 0,7–1,2 фоизини клетчатка ташкил этади.
Шунингдек брокколи карами ўзида кўплаб минерал моддаларни мужассам этади: 100 г қуруқ массасида калий – 490, кальций – 105, фосфор – 82 мг бўлиши, унинг минералларга бойлигини кўрсатади. Брокколи гул тўпламларини таркибида натрий тузлари – 13,1, магний – 31, йод – 12, темир – 1,3 мг, (100 г) миқдорда бўлади.
Брокколи таркибида витаминлар, пектин ва юмшоқ клетчаткани, холин ҳамда метионин моддаларини, шунингдек, минерал тузлар ва бошқа биологик фаол моддалари мутаносиблиги турли ёшдаги инсонлар учун жуда муҳим пархез маҳсулот эканлигидан далолат беради. Унинг маҳсулотидан нурланиш касалликларини даволашда самарали фойдаланиш мумкин.
Карамнинг бу тури бошчалари таркибида йоднинг биологик шакллари мавжуд бўлиб, у қалқонсимон безга бу элементни радиоактив изотопларини тушишига тўсқинлик қилади. Шаклланган, истеъмол учун тайёр карам бошчаларидаги чанглар тиббиётда қимматли даволаш маҳсулоти сифатида ишлатилади.
Брокколи ёш болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда атеросклерозга мойил бўлган кексалар учун жуда фойдалидир.
Озиқ-овқатда брокколини мустақил истеъмол қилиниши эрта қариш олдини олади. Брокколи карамини келиб чиқиши, морфологик белгилари ва ташқи муҳит омилларига бўлган муносабати гулкарамга ўхшашлиги мамлакатимизда уни етиштириш истиқболли эканлигини кўрсатади. Экинни серҳосил, маҳаллий иқлим шароитларига мослашган нав ва дурагайларини танлаш ва уларни етиштириш технологияси асосий элементларини ишлаб чиқиш сабзавот турларини янада кўпайтириш имконини беради.
LiveБарчаси