Йўлдошев: Коррупционер қайси мансабда, мавқеда бўлишидан қатъи назар жазоланади

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида мамлакатда коррупцияни жиловлаш учун олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Прокурор халқаро ташкилотлар учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам муҳим бўлган айрим ҳолатларни таъкидлаб ўтди. 

“Бугун олий таълим ва қурилиш соҳасини коррупциясиз соҳаларга айлантириш бўйича раҳбарий ҳужжатлар тайёрланди. Ижрочилари аниқ, қилинадиган ишлар доираси аниқланиб, ижрога қаратилганини айтишимиз шарт.

Бу бошланиши. Турмушимизнинг бошқа жабҳалари бўйича ҳам ҳудди шундай таҳлилий ишлар олиб бориляпти, чоралар кўриляпти. Бугунги кунда Ўзбекистонда 65 та бошқарув тизимларида коррпуцияни жиловлашнинг ички идоравий чекловларини жорий этиш бўйича ишлар кетяпти. Бу масалага Адлия вазирлиги ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари, қолаверса, ўша тизимни бошқарувчи тузилмалар тўлиғича сафарбар қилинган”, деди Эркин Йўлдошев.

Бош прокурор ўринбосари сўзида давом этиб, коррупцияга қарши курашда  бир нечта муҳим масалалар борлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Энг муҳими. Антикоррупцион қонунчиликни такомиллаштириш, унинг ижро механизми ва қонунни қўллаш амалиёти ўртасида узилишлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммамиз бу жараёнда яшаганмиз, биламиз. Мана шу узилишни бартараф этиш керак.

Бугунги вазифа – коррупция учун жазонинг муқаррарлиги муҳитини яратиш. Жамиятда шунақа фикр шаклланди, бунга ҳаммангиз гувоҳ бўлиб турибсиз: Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупционер қайси мансабда, қайси мавқеда бўлишидан қатъи назар жазосини олади.

Иккинчи жуда муҳим деб, ҳисобланган йўналишимиз – давлат маблағлари тақсимоти ва сарфланиши устидан жамоатчилик назорати. Жамоатчилик назорати билан боғлиқ масала бугун ҳам ялпи мажлисга қўйилган”, деди Эркин Йўлдошев.

Бош прокурор ўринбосари оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди.

“Яна бир ўта муҳим йўналишлардан бири – ахборот воситаларининг эркин ва мустақил фаолият олиб бориши учун имконият яратиш. Бу антикоррупцион жараённи кучайтиришнинг фавқулодда омили экани сир эмас. Антикоррупцион чоралардан халқни имкон қадар кўпроқ хабардор қилишимиз шарт.

Бугунги кундаги ижтимоий тармоқлар, матбуотнинг бугунги фаолияти, халқ билан боғланганлик даражаси жамиятда антикоррупцион муҳитнинг мутлақо яхшиланишига жиддий таъсир кўрсатяпти, десак хато қилмаймиз.

Буларнинг йиғиндисини оладиган бўлсак, нафақат мансабдорлар, балки бутун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш биринчи ўринга чиқяпти.

Ва ниҳоят, коррупцияни битта ҳамла билан йўқ қилиб бўлмайди. Битта сермаб қилич тортган билан коррупция таг-томири билан йўқ бўлиб кетмайди. Иложи йўқ нарса бу. Бунинг учун кенг қамровли, машаққатли жараёндан ўтишимиз керак бўлади. Бунинг учун бугунги кунда Бош прокуроримиз раҳбарлик қилаётган коррупцияга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия фаолияти етарли эмас. Бизнинг коррупция билан курашишимиз фақат жиноятчиликни топиб олиб, жазолаш эмас, балки унга олиб келадиган сабабларни аниқлаш ва бартараф қилишдан иборат.

Бунинг учун эса бутун халқ, жамият қўзғалиши керак. Коррупцияга кўнмаслик деган кайфият шаклланиши керак”, деб таъкидлади Йўлдошев.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Сенат Эркин Йўлдошев

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг