... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурхондарёда Туман ИИБ бошлиғи мансаб ваколатини суистеъмол қилди


16:16, 05.12.2017 Жамият
 9 845

Йиғилишда Шеробод тумани ИИБ бошлиғи Б. Раҳмонқулов ҳам қаттиқ танқид қилиниб, огоҳлантирилиб, мавжуд аҳволни ўнглаш юзасидан унга тегишли топшириқлар берилди.

Сурхондарё вилояти ИИБда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда бошқа масалалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қайси туманда криминоген вазият қандайлиги, жойлардаги раҳбар ходимларнинг амалга ошираётган ишлари, йўл қўйган камчиликлари аниқ мисоллар орқали таҳлил қилинди.

Ана шу йиғилишда Шеробод тумани ИИБ бошлиғи Б. Раҳмонқулов ҳам қаттиқ танқид қилиниб, огоҳлантирилиб, мавжуд аҳволни ўнглаш юзасидан унга тегишли топшириқлар берилди.
Шеробод тумани ИИБ бошлиғи жиноят ва ноқонуний фаолиятларга қарши курашиб, ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг ўзгача “йўл”ини ўйлаб топгани айтилади.

Яъни Б. Раҳмонқулов ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори И. Холбоев, туманлараро суд-тиббиёт экспертизаси бўлими эксперти А. Турдимуродов билан ўзаро тил бириктириб, туман ҳудудида содир этилаётган жиноятларни ноқонуний йўллар билан камайтириб кўрсатиш орқали вилоятдаги ҳамкасблари ўртасида обрў-эътибор қозонишни мақсад қилади.

Туман ИИБ навбатчилик қисмига Ҳакимобод маҳалласида икки нафар фуқаро бир-бири билан қаттиқ жанжаллашаётгани ҳақида хабар келиб тушади.

Шу маҳалла профилактика инспектори И. Холбоев ва Туманлараро суд-тиббиёт эксперти дарҳол воқеа жойига етиб келишган.

Аниқланишича, бу ерда яшовчи фуқаролар  Қ. Рустамов ва Ш. Ашуралиевнинг ўзаро жанжаллашуви оқибатида улардан бири оғир тан жароҳати олганди. Шу сабабли
Ш. Ашуралиевга нисбатан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, эксперт А. Турдимуродовнинг хулосасига кўра, жабрланувчининг олган жароҳати “ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати” деб баҳоланади.

Мазкур хулосани шу куннинг ўзида туман ИИБ тергов бўлинмаси ходими олиб, воқеага дахлдор тўпланган ҳужжатлар билан қўшиб, профилактика инспектори И. Холбоевга беради. У эса материалларни Б. Раҳмонқуловга етказади.

Қонун устуворлигини таъминлаши лозим бўлган “зўравон” раҳбарнинг қўл остидагиларни нотўғри йўлга бошлагани оқибатида Суд-тиббиёт экспертининг биринчи хулосаси, “ўртача оғирликдаги тан жароҳати” деб ўзгартирилади.

Фуқаролар Ш. Ашуралиев ва Қ. Рустамовни яраштириш орқали туманда содир этилган оғир турдаги жиноятларни камайтирмоқчи ёки яширмоқчи бўлишади. Хуллас, дастлабки хулосани тўпланган ҳужжатлар ичидан олиб ташлаб, унинг ўрнига ўзлари тайёрлаган сохта хулосани жойлаштирилади.

Ана шу ҳужжат орқали Шеробод тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Қ. Рустамовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”), билан жиноят иши қўзғатилишига эришиб, Ш. Ашуралиевнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, давлат ҳамда жамият манфаатларига жиддий зарар етказишади.

Бу қилган иши билан Шеробод тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи ана шу масъулиятни ҳис этмагани учун ҳам қўл остидаги ходимларни қонунбузарликка бошлади.

“Постда” газетаси ҳамда ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида тайёрланган материалларда айтилишча, бу салбий ҳолатнинг олди олиниб, қонунбузарлар қилмишига яраша ҳуқуқий баҳосини олишди. Шу боис ҳануз ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмайдиган ходимлар бўлса, уларга юқорида баён қилинган воқеа сабоқ бўлиши лозим. Зотан, ҳар қандай қинғир иш куни келиб ўз жазосини олиши муқаррарлигини унутмаслигимиз керак...
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Шеробод тумани ИИБ Жиноят яширилди ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар