Ўзбекистонда коррупцион жиноятлар учун ўлим жазоси тикланадими?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев иштирокидаги учрашувда Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Эркин Йўлдошевнинг қайд этишича, Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тарғиботлар халқнинг фикрида коррупцияга муросасизлик кайфиятини сингдириш, бундай жиноятларга жазо муқаррар деган тушунчани шакллантиришга хизмат қиляпти.

Мансабдорларнинг жиноятлари очиқланаётгани, улардан халқ хабардор қилинаётганининг асосий сабаби ҳам шу.

“Давлат идоралари, халқимиз, шу жумладан, ОАВ билан биргаликда жамиятни ичидан соғломлаштира олсаккина, коррупцияни жиловлаш вазифаси натижа беради. Коррупцияга қарши курашда нафақат шу йўналишдаги Дастурнинг ўзи, балки Ўзбекистон Республикасининг Ривожланиш стратегиясида кўзда тутилган ҳар бир Дастур, ҳар бир тадбир ўзининг самарасини бераяпти, уларнинг ўзаро боғлиқлиги намоён бўлаяпти”, деди Эркин Йўлдошев.

Шунингдек учрашувда жиноят қонунчилигига коррупцион жиноятлар учун фавқулодда жазо сифатида ўлим жазосини белгилаш билан коррупция ҳолатларига тўлиқ барҳам бериб бўлмаслиги таъкидланди.

Бош прокурор ўринбосарининг фикрича, қонунчилигимизда илгари ўлим жазосини қўллаш бор эди, қонунларни қўллашнинг узоқ йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, бундай қаттиққўллик шахсни қайта тарбиялашда самара бермаган, айрим ҳолатларда инсон ҳуқуқларини тузатиб бўлмайдиган даражадаги поймол этилишига ҳам олиб келгани учун бу амалиётдан воз кечилган ва қонунчилигимиз бу йўлдан орқага қайтмайди.

Шу билан бирга қамоқхонани маҳкумларга тўлдириб ташлайвериш билан ҳам иш битмайди. Асосий вазифа жиноят содир этилишининг олдини олиш, агар шундай бўлган бўлса, жиноят оқибатларини минималлаштириб, хато қилган шахснинг жамиятдан бутунлай узилиб кетишига йўл қўймасдан қайта тарбиялаб, элга қўшишдан иборат. Токи бу шахс хатосини тушунсин, афсус қилсин, қилган жиноятининг оқибатини бартараф этишда ўзи иштирок этиб, жамиятга етказган зарарини тўлдирсин.

Қайд этилишича, коррупциянинг олдини олиш учун қонунга ўзгаришлар ҳам киритилаяпти. Масалан, Жиноят кодексининг пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жавобгарлик кескин кучайтирилган, мазкур жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасидан ўта оғир турдаги жиноятлар тоифасига ўтказилган, уларнинг санкцияларида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиши кўзда тутилган.

БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси факультатив протоколига қўшилиш масаласи айни пайтда республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Коррупция Жиноят кодекси

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг