Мирзиёевнинг кенжа қизи янги лойиҳага бош-қош бўлмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Болалик кунларимда” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа Агентлик ва Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинини яратиш орқали миллатимизнинг улкан маданий мероси, халқ оғзаки ижоди намуналарини келажак авлодга етказишдан иборат.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комилжон Алламжонов, МТВ Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иштирок этган. 

Комилжон Алламжоновга кўра, аудио эртаклар болалар учун нафақат қизиқарли воқеалар баёни, балки ота-оналарга баркамол авлодни тарбиялашда самарали педагогик восита вазифасини ўтайди. Болаларда яхшилик ва ёмонлик, хушмуомалалик, жасурлик ва бошқа ижобий хислатларни шакллантириш, салбий одатларнинг оқибатларини тушунтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Халқ эртакларининг аудио талқинини яратишда бир гуруҳ мутахассислар, жумладан, муҳаррирлар, таржимонлар, мусаҳҳиҳ ва руҳшунослар, актёрлар ҳамкорликда иш олиб борди. Тадбирда ўзбек халқининг севимли эртакларидан бири “Зумрад ва Қиммат”нинг аудио талқини намойиш этилди. Бунда актёрлар Ноила Тошкенбоева, Дилноза Кубаева, Зуҳра Солиева, хонанда Муниса Ризаева иштирок этган.  

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида, ҳар ой якунида 10 та ўзбек ва рус тилларидаги эртаклар жамланган дисклар тақдим этилади.

Шунингдек, аудио эртакларни таълим жараёнига ҳам интеграциялаш, улардан ривожлантирувчи усул сифатида фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда. Профессионал студияда ёзилган аудио эртаклар мунтазам равишда махсус телеграмм каналда муайян вақтда бепул узатиб борилади.

Тадбирда мутахассислар мактабгача таълим вазирлиги билан амалга оширилган бу лойиҳа яхши самара беришини таъкидлади. Бу каби лойиҳа тизимли давом этади. 

QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга қараганда мазкур лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комилжон Алламжонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – МТВ Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева бош-қош бўлмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Шаҳноза Шавкатовна Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида 2017 йилнинг октябрь ойидан буён ишлаб келмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳноза Мирзиёев

Баҳолаганлар

459

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар