Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг буюк тавсияларидан бири нима эди?

Фойдали

Ислом динида банда жаҳлдан, ғазабдан қайтарилган. Гарчи унинг номига нолойиқ сўзлар айтилса-да, ҳақоратлар бўлса-да, ақл билан, фаҳм-фаросат билан озгина бир сабр билан муносабат билдиришга чақирилган.

Жаҳл қилиш ва унинг ортидан келувчи нохушликлар ҳақида Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбатлашдик. 

“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бир саҳобий келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга васият қилинг”, деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу буюк саҳобийга “ғазабланмагин”, дедилар. Мана шу сўзнинг ўзи буюк тавсия, набавий бир кўрсатма эди. Расули Акрам алайҳиссалом инсон учун фазилат бўладиган, унинг юзини ёруғ қиладиган, хатолардан холий қиладиган фазилат ҳақида гапирганлар.

Рамазон ойида турибмиз, бу ойда жуда катта манфаатларни қўлга киритамиз. Мана шу фойдалардан биттаси ғазабимизни жиловлашдир. Чунки рўза бўла туриб, бировга қаттиқ гапириш, жаҳл қилиш мумкин эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз икки кишининг ўртасини ғазабланган ҳолида ҳукмини чиқармасин”, дедилар. Чунки ғазабланган инсон тўғри ҳукм чиқармаслиги аниқ”.

Шу ўринда Раҳимберди домла Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётида содир бўлган ва бандалар учун ибратли ҳисобланган воқеани сўзлаб бердилар. 

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларида ҳам ғазаб қилиш одати йўқ эди. Макка аҳли у кишини ҳурмат қилар эди. “Муҳаммад Амин”, дея эътироф этишарди. У кишига ишонишарди. Аммо У Зот 40 ёшга кириб, пайғамбар бўлганларидан сўнг, у кишига ишонмай қўйишди, озор бериб, жаҳл кўрсатадиган бўлишди. Расулуллоҳ алайҳиссаломни ҳақорат қилишди, сеҳргар, мажнун, дея аташди. Йўлларига тиканлар сочишди, ҳатто сажда қилиб турганларида устиларидан туянинг ичак-чавоқларини тўкишди. Туҳмату маломатларга қолдилар.

Ҳеч бир умидлари қолмагач, Зайд ибн Ҳориса ҳамроҳлигида Тоиф шаҳрига йўл олдилар. Бу шаҳар Маккаи Мукаррамадан 70 км жанубий сарҳадда жойлашган. Сарвари коинот у ерда ўзларига яқин бўлган 3 нафар одамдан ва улар орқали шаҳар аҳлидан умид қилиб, пайғамбарлик ишларини давом эттириш мақсадлари бор эди.

Аммо умид қилган одамлари ҳам, бошқалар ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини қабул қилишмади. У кишининг устиларидан кулишди. Расули Акрам алайҳиссаломни шаҳардан қувишди. Шаҳардан чиқиб кетишаётганида у кишини тошбўрон қилишди. У Зот алайҳиссаломнинг пойабзаллари қонга тўлиб кетди. 

Шаҳардан узоқлашиб, бир боғга кирдилар. Хўрликлари келиб, зорланиб дуо қилдилар: “Парвардигор, сенга қувватимнинг озлигидан, тадбиримнинг озлигидан, одамлар билан муроса қила олмаётганимдан шикоят қиламан. Парвардигор, мени кимларга ташлаб қўйдинг? Агар бу озору ситамлар сенинг ғазабингдан бўлмаса, мен бу озорларга парво қилмайман”.

Бу нафосатни қаранг, бу покиза қалбни қаранг. Ғазаб қилмаслик, одамларнинг ҳақоратига қаҳр қилмаслик нимадан ахир? Набавий ахлоқлардан бири шуки – ҳар қандай ҳолатда ҳам ғазабланмаслик даркор. Ҳақорат қилган, нолойиқ гапни гапирган одамнинг устидан ҳукм чиқармаслик лозим.

Имом сифатида гувоҳи бўляпмиз, оилавий низоларга жаҳл сабаб бўляпти. Кейин афсусланиб келяпти. “Бизнинг никоҳимизни қилиб қўйсангиз, жаҳл устида талоқ айтиб юбордим”, дейдиганлар қанча. Шу сўзни айтганидан афсусланиб гапиряпти. Лекин ўшанда, жаҳл чиққан пайтида зўр қилган, ўзича тўғри иш қилган. Аёлига талоқ бериб, жуда боплаган. Аммо жаҳл кетиб, ақл келгач, бу ишлар нотўғри эканлигини фаҳмлаб етяпти”, деди суҳбатдошимиз Раҳимберди домла Раҳмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг