...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурат Президентгача етиб борди! Масала янада жиддий тус оляпти


15:55, 29.10.2018 Жамият
 27 104

Халқаро ОАВ Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётганини, мансабдорлар ўз ваколатидан одамларни таҳқирлаш йўлида фойдаланаётганини ёзмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари Зойир Тоирович Мирзаев лавозимидан озод этилиши ҳақида хабар берган эдик.
 
Ижтимоий тармоқларда олти эркакнинг ариқдаги сувга тушиб туриши тасвирланган сурат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қўлигача етиб борган ва аллақачон текширув ишлари бошлаб юборилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’нинг Ҳукуматдаги манбаси айтмоқда.
 
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олинган. Аниқланишича, тасвирдаги кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари — Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи — Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — Шароф Аҳмедов, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли — Зокир Мусабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари — Аброр Мавлонов, “Абдуносир” фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлган.


 
Тарқалган суратлар ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Халқаро ОАВ Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётганини, мансабдорлар ўз ваколатидан одамларни таҳқирлаш йўлида фойдаланаётганини ёзмоқда.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, ижтимоий соҳа ходимларини пахта йиғим-терими, шанбалик каби ваколатига кирмайдиган ишларга мажбурлаш ҳолатларига чек қўйиш бўйича аниқ қадамлар ташланди.
 
Бироқ мажбурий ўрнини давлат ишидаги ходимларни таҳқирлаш эгаллаётгандек. Бироқ, Ўзбекистоннинг эртанги келажаги, бугун ташлаётган дадил қадамлари гуруч орасида учраётган мана бундай курмаклар билан ўлчанмайди ва бу каби ҳолатлар жазосиз ҳам қолмаслиги аниқ.
 
QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, мазкур ишга Зойир Мирзаевнинг ишдан бўшатилиши билан нуқта қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиб, текширув ишларини олиб боради ва айбдорлар қаттиқ жазоланади.
 
Президент Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнатга жалб қилганларга қаттиқ чоралар кўрилишини айтиб турган бир даврда, давлатнинг ишида эртаю кеч тер тўкиб меҳнат қилаётган одамларни сув тўла ариққа тушириш давлатга хиёнат эмасми? 
Қамариддин Шайхов, 
QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари

Теглар:Зойир Мирзаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар