...
МЕНЮ
ONLINE TV

Судларда бож тўлаш бўйича бир қатор имтиёзлар бекор қилинди


17:52, 10.01.2019 Жамият
 2 764

Қонун билан маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод этиладиган тоифалар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
 
Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзларнинг бир қанчаси бекор қилинди.
 
Хусусан, қуйидагилар эндиликда судларга мурожаат қилганида давлат божи тўлайди:
 
фуқаролик ишлари бўйича судларда:
 
даъвогарлар – муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлардан, шунингдек ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номига, селекция ютуғига бўлган ҳуқуқдан келиб чиқадиган даъволар юзасидан;
 
никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ бўлмаган ишлар бўйича апелляция ва кассация шикоятлари билан мурожаат қилган шахслар.
 
иқтисодий судларда:
 
қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар – тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
 
хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари – мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;
 
хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари – шартномалар уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар томонидан бажарилмаганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича.
 
Шунингдек, Қонун билан маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод этиладиган тоифалар тасдиқланди. Жумладан, адлия органлари томонидан давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берадиган аризалари юзасидан давлат божи ундирилмайди.
 
Бундан ташқари, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб билдирилган талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Қонун Суд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар