Коронавирус ва Хитойнинг иқтисодий локомотиви – кимнинг қўли баланд келди?

Олам

image

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири туфайли Хитой иқтисодиётининг ривожланиш динамикаси январь-мартни ўз ичига олган ҳолда 1992 йилдан бери биринчи марта салбий натижани қайд этди. I чоракда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 6,8 фоизга тушди. Бу ҳақда бугун, 17 апрель куни ХХР Давлат статистика бошқармаси (ДСБ) хабар берди.

2019 йилнинг I чорагида бу натижа 6,4 фоизни ташкил этган эди.

Маълумотларга кўра, мамлакатнинг уч ойлик ялпи ички маҳсулоти 20,65 трлн юанни (ҳозирги курс бўйича тахминан 2,92 трлн доллар) ташкил этди. Кўрсатилган даврда қишлоқ хўжалиги сектори 3,2 фоизга камайиб, 1,02 триллион юанга (142,82 миллиард долларга яқин), саноат 9,6 фоизга, 7,36 триллион юанга (1,04 трлн доллар), хизмат кўрсатиш соҳаси - 5,2 фоизга, 12,27 трлн юанга (1,73 трлн) тушиб кетди.

“Биринчи чоракда ЯИМ динамикаси муаммосига объектив ёндашиш керак: нафақат жорий йил кўрсаткичларини, балки пандемия туфайли юзага келган рақамларни, ўтган йиллардаги мунтазам статистика билан таққослаш тўғри эмас. Коронавирус кутилмаганда ва жуда кўп мауаммо пайдо қилди. Шу сабабдан таққослашни соддалаштирмаслик ва хотиржамликни сақлаш зарур”, деди Давлат статистика хизмати расмий вакили Мао Шэньюн.

Хитойда ялпи ички маҳсулот ўсиши вақт ўтиши билан секинлашмоқда. 2017 йилда у 6,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 6,6 фоизгача, 2019 йилда эса Хитой иқтисодиёти 99 трлн юанни (тахминан 14,4 трлн доллар) ташкил этганида 6,1 фоизга етди.

Одамларнинг реал даромадлари қандай?

Хитойда жон бошига реал даромадлар йилига 3.9 фоизга камайди ва чорак давомида 8 561 юань (тахминан 1,2 минг доллар) ни ташкил қилди.

Таъкидланишича, бу кўрсаткич, айниқса, қишлоқ аҳолисида сезилиб, 4,7 фоизга пасайган.

Умуман олганда, Хитойдаги ижтимоий-иқтисодий вазият барқарорлигича қолмоқда, аммо глобал иқтисодиётдаги хатарлар кучаймоқда. Номаълумликлар янада сезиларли бўлиб бормоқда.

Саноат секторидаги ўзгаришлар

Жорий йилнинг биринчи чорагида Хитойнинг саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш сектори ўтган йилга нисбатан 8,4 фоизга камайди.

Ҳисоботга кўра, март ойида тегишли кўрсаткич 1,1 фоизга пасайган.

Агар эътибор бериладиган бўлса, сўнгги йилларда мамлакат саноатида ишлаб чиқариш динамикаси аста-секин пасайиб бораётганини кўриш мумкин. 2017 йилда у 6,6 фоизни, 2018 йилда эса 6,2 фоизни ташкил этди. 2019 йил иқтисодиётнинг ушбу секторида ўсиш миқдори 5,7 фоизни кўрсатган.

Чакана савдодаги янгиланишлар

Мазкур даврда истеъмол товарларини чакана сотиш ҳажми 7,85 трлн юанни (жорий курс бўйича 1,01 трлн. долларни) ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 19 фоизга камайганини кўрсатди.

Қишлоқ жойларида савдо ўсиш динамикаси салбий бўлиб, -17,7 фоиз, шаҳарларда 19,1 фоизни ташкил этди.

Хитойда чакана савдо ўсиш суръатларининг секинлик билан пасайиши кузатилган. 2016 йилда у 10,4 фоизга, 2017 йилда 10,2 фоизга, 2018 йилда 9 фоизга, 2019 йилда эса 8 фоизга ўсган.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Хитойда иқтисодий ўсишининг ярмидан кўпи ички истеъмол ҳисобига амалга оширилади.

Инвестиция муҳитида нималар бўлди?

Мамлакатнинг асосий капиталига инвестициялар киритиш йилига 16,1 фоизга камайиб, 8,41 трлн. юанга (ҳозирги курс бўйича 1,18 трлн. долларга) тушиб кетди.
Қишлоқ хўжалигидаги корхоналарга капитал қўйилмалар оқими 13,8 фоизга, саноатда 21,9 фоизга, хизматлар соҳасига эса 13,5 фоизга камайган.

Умуман олганда...

Умуман олганда Хитой иқтисоди коронавирус сабаб зарар кўрди, аммо сезиларли равишда эмас. Халқаро ва маҳаллий экспортлар бунга сабаб этиб турли омилларни кўрсатган.

Биринчидан, Хитой кичик ва ўрта бизнес секторини қўллаб-қувватлади. Бу одамларнинг ишсиз қолиш даражасини максимум камайтирди.

Иккинчидан, мамлакатда мавжуд хавфсиз инвестиция тизими хориж сармоясини айланмасига тўсиқ бўла олмади. Содда қилиб тушунтирганда, хорижлик сармоядорлар пулларини мамлакатдан олиб чиқишга шошилмади, унинг мустаҳкамлигига ишонди.

Учинчидан, ҳукумат томонидан пишиқ ва пухта ишлаб чиқилган режалар ҳам қайсидир маънода иқтисоднинг барча секторларини қамраб олди ва “арава бирдек тортилди”. Бу йўлда давлат ҳам, халқ ҳам бирдек, худди поезд ғилдираклари рельсда аниқ механизм асосида ҳаракат қилганидек, ҳаракатланди. Натижада, оғир локоматив олдингидек жадал юрмаётган бўлса-да, бироқ тўхтаб қолмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Хитойда

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг