Туркия Идлибда “Баҳор қалқони” операциясини бошлади. Вазият оғир
Олам
−
01 Март 2020
12415Туркия расман Суриянинг Идлиб вилоятидаги воқеаларга қарши “Баҳор қалқони” жанговар операциясини бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар хабар қилган.
Қайд этилишича, ушбу операция аввалида Туркиянинг F-16 самолётлари Башад Асад раҳбарлигидаги Сурия Ҳукуматига оид икки Су-24 самолётини уриб туширди. Reuters’нинг ёзишича, ҳарбий самолёт учувчилар ўз вақтида сакраш оқибатида, омон қолган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февраль куни Идлибда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уюштирилган ҳаво ҳужуми чоғида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг, Туркия армияси Сурия қўшинлари позицияларига ҳаво ва ер усти ҳужумларидан жавоб қайтарди. Унда бирданига 309 та Сурия аскари ўлдирилди.
Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар дақиқа сайин таранглашиб бормоқда. Расмий Анқара Асад режими Россия ва Эрондан дастак олаётганини иддао қилмоқда. Айни вақтда ушбу тўртлик – Туркия, Сурия, Россия ва Эрон ўртасида аллақачон ахборот уруши бошланиб бўлди. Мамлакатларнинг ахборот тарқатувчи ички ва ташқи ресурслари бир-бирига бўҳтон ёғдириш билан банд бўлиб қолмоқда.
Мазкур ҳолат 2015 йил Туркияда Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти уриб туширилганди. Ўшанда икки учувчи ҳалок бўлган. Ушбу ҳолат Россия ва Туркия муносабатларини жар ёқасига олиб келди. Икки давлат ўртасида муносабатлардан мамлакатлар аҳолиси кўпроқ зарар кўрди. Санкциялар ортди. Россия фуқароларига Туркияга чиқишни чеклаб қўйди. Туркиядан кириб келаётган маҳсулотларга бойкот эълон қилинди.
Орадан бир йил ўтиб, рус самолёти уриб туширилган кун турк ҳарбийлари Сурияда ўққа тутилди. Бу вазиятда Россия ўч олди, дея хулоса қилиш мумкин эди. Воқеага аниқлик киритилиб улгурмасдан, 19 декабрь куни Россия элчиси ўлдирилди.