Қирғизистонда оммавий тадбирлар бекор қилинди. Сабаб – коронавирус
Олам
−
12 Март 2020
6066Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадкали Абилғозиев мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш бўйича қарор имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар қилди.
"Ҳукумат томонидан коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият яхшиланмагунча маданий, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди. Тегишли қарорни Бош вазир Муҳаммадкали Абилғозиев имзолади", деди матбуот котиби.
Вазирлар Маҳкамаси таъкидлашича, ушбу қарор "коронавирус инфекцияси хавфини олдини олиш ва аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш мақсадида" қабул қилинди.
Хабар қилинишича, фармонда савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган муддат тугагунча оммавий тадбирларни ўтказмаслик ва уларда иштирок этишдан воз кечиш тавсия этилган. Шунингдек, хоналар ва катта залларга санитария-техник воситалар ва ҳаво тозалаш мосламаларини жойлаштириш бўйича маслаҳат берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Қирғизистон ҳудудида коронавирус билан боғлиқ ҳолат аниқланмаган. Мамлакат Хитой билан чегарани вақтинча ёпган. Бошқа чегара давлатлардан келувчилар тана ҳароратини ўлчаш мосламалари билан текширилади. Вирус тарқалган мамлакатлардан келганлар икки ҳафта давомида карантинга юборилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 127 769 нафарга етган. Бу касаллик туфайли 4 716 дан ортиқ одам вафот этган. Беморларнинг 5 710 нафарининг аҳволи оғир деб айтилмоқда. Шу кунгача касалликни юқтирганларнинг 68 327 нафари бу вирусдан фориғ бўлган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь