“Чироқчи воқеаси”: ИИБдан эрининг ўлиги чиққан аёл айбланувчиларни озод қилишни сўради

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ички ишлар органи ходимлари томонидан калтакланиб, ИИБ биносида жон берган фуқаро иши бўйича суд бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 16 сентябрь куни навбатдаги суд мажлисида Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради. Бу ҳақда “Дарё” хабар берди.

“Мен фақат буларнинг болаларини ўйлайман. Буларнинг ҳам аёллари бордир. Шуларни ўйлайман. Саккиз ой давомида зор қақшаб йиғладим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Шунинг учун бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам”, деган Гўзал Абдиева.

У суд ҳайъатига айбланувчилар 50 йилга қамалса ҳам эри тирилиб қайтиб келмаслигини айтиб, уларни суд залидан озод қилишни сўраган.

“Қалбимда оғриқ бор. Мени шу юкдан озод қилинг ва одилона ҳукм чиқаринг. Менинг фарзандларим етим бўлди. Энди буларнинг фарзандлари етим бўлмасин. Мен қийналганим етади. Буларнинг аёллари бошига ҳам менинг куним тушишини хоҳламайман — бу иккаласини ҳам суд залидан озод қилишингизни сўрайман. Майли, буларни чиқаринг, виждони қийналсин. Менинг елкамда оғир юк қолмасин фақат. Буларни чиқармасангиз, менинг виждоним қийналиб ўтади” деган марҳумнинг турмуш ўртоғи.

Маълумот учун, ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.

Воқеалар ривожи қандай?

Жорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилди. 

Мазкур иш бўйича бошланган тергов жорий йилнинг 22 июнь куни ниҳоясига етган.

Очилган жиноят иши доирасида 5 кишига айблов эълон қилинган. Жумладан Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ бошлиғи ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган ва қамоққа олинган.

Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБнинг икки нафар профилактика инспектори ва жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ушбу иш доирасида беш киши суд қилиняпти. Булар:

Н.Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган),

А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган),

Ш. Рахмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган), 

А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган), 

Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган).

Судланувчилар:

Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) да;

А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида; 

Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси, 235-моддаси ва 241-1-моддасида; 

А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида; 

Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 241-1-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ, май ойида Андижон шаҳар ИИБдаги терговлар натижасида икки кишининг вафот этишига эътибор қаратиб, масъулларни қаттиқ танқид қилганди

“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.

Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, деган эди Мирзиёев.

Президент Қашқадарё ва Андижондаги жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Чироқчи воқеаси қийноқ

Баҳолаганлар

434

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг