Тошкентда эркакларнинг соқоли нега қирилди? ИИББ расмий изоҳ берди

Жамият

image

Жорий йилнинг 23 август куни Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Жамолиддин Муҳаммад ўз саҳифасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари соқолга қарши “операция” ўтказаётгани ва ўзи ҳам унинг иштирокчисига айланганини ёзганди. 

Унинг қайд этишича, 23 август куни Тошкентнинг Кичик халқа йўлида жойлашган Малика маиший техника буюмлари бозоридан чиқишда Ички ишлар органларининг формали ходимлари ўзини таништирмасдан туриб, Жамолиддин Муҳаммадни Ички ишлар бўлимига олиб кетишган. 

“Киришда узун навбат, ҳамма соқолли. Демак, соқол бўйича гаплашамиз, деб ўйладим. Ичкарида яна навбат. Бу ерда маълумот олиниб суратга олишяпти. Мен ҳам тушдим. Кейинги хона “суҳбат”. У ерда соқолимни ўша ерда олдиришга МАЖБУР (!) эканимни айтишди, табиийки бунга кўнмадим. Ўзини таништиришдан бош тортган навбатдаги (бу оддий ҳолатга айланиб бўлди) киши соқолимни олдирмасдан бу ердан чиқиб кетолмаслигимни айтди. Қонунларда “соқол ўстириш мумкин эмас”, деган ери бўлса кўрсатинг, унга сўзсиз итоат қиламан, дедим. Лекин улар бундай қонун ё ҳужжат кўрсатишмади. Энди ҳам рози бўлмаганим сабабли, “орган ҳодимининг қонуний талабини бажармаслик” дея сўзини давом этаётган киши, “соқолни олдириб, кейин қаёққа хоҳласангиз ўша ёққа шикоят қилишингиз мумкин”, деди. Орада гаплар кўп бўлди, алам қилгани, соқолимни олдириб ҳам аср намози вақти чиқиб кетаётганини айтсам ҳам сабабини айтмасдан ушлаб туришди. Соқолимни олаётган сартарош йигитча бунга мажбур бўлганини, ўз хоҳиши билан қилмаётганини айтди. Уни тушундим. Соқолимни олаётганларида мазаҳ қилиб “сочини ҳам олиб ташла” деди эшик олдида турган бир киши. Орада “эксперт” билан суҳбатлашдик, у киши ҳам аср намозини мен билан масжидда ўқиди. Кун ботиб бўлган эди”, деб ёзади Жалолиддин Муҳаммад. У бўлиб ўтган воқеаларга нисбатан Ички ишлар бош бошқармасидан изоҳ беришини талаб қилган эди. 

Бу вақт оралиғида бўлиб ўтган воқеа ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Маҳаллий, қолаверса, хорижий оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Жалолиддин Муҳаммад Ички ишлар бўлимида дин соҳаси ходимлари билан ҳам суҳбат қурганини, соқол қўйиш билан боғлиқ саволларга жавобида диний тус беришни истамаганини айтади. 

Орадан 4 кун ўтиб, бугун, 27 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолатга расман муносабат билдирди. Ички ишлар бош бошқармасига кўра, бўлиб ўтган воқеаларга динни рўкач қилиш – нотўғри.Унда шундай дейилади: 
“Маълум қиламизки, пойтахтда ҳар йили шаҳримиз аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ушбу тадбирлар давомида жамоат жойларига, масалан Сайилгоҳ кўчаси, боғлар ва хиёбонлар, кўнгилочар-савдо марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга алоҳида эътибор қаратилади. Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилади. Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган.

23-24 август кунлари Шайхонтоҳур туманидаги “Малика” деб номланмиш савдо масканида бўлиб ўтган ҳодисага тўхталсак. Дарҳақиқат, у ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган. Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳануз рўй бериб туради ва ушбу савдо масканида расман ва норасман ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолишган. Суҳбатга таклиф этилганлар соқоли бор ёки йўқларга ажратилмаган, аммо таъкидлаш жоизки, соқоллилар у ерда кўпчиликни ташкил этади.

Алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаларидаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган. Деярли барча ушбу илтимосни тўғри тушунди. Кўплар соқол қўйиб юриш улар учун муҳим эмаслигини, балки вақт йўқлиги, модага тақлид қилиш ва бошқа сабабларга кўра соқолларини олмаганларини маълум қилишди.

Шу билан бирга қатъий маълум қиламизки, юқоридаги ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қолаверса, бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўриндир”. 

Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларга қонунчилик талабларини бажариш кераклигини эслатган:

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Жамоат тартибини сақлаш ва сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш осон иш эмас, аксинча, баъзида кўп қиррали, хатарли бўлиши мумкин. Кўплаб ҳолатлар нозик бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги, унинг шахсий ҳаёти масалаларига бориб тақалиши мумкин. Шу сабабли ички ишлар ходимлари олдиларига қонун (Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни, Жиноят-процессуал кодекс) доирасида иш тутиш вазифалари қўйилади. Фуқароларда ҳам ҳуқуқлардан ташқари Конституция ва қонунларга амал қилиш, ўзгалар ҳуқуқи, эркинлиги, шаънини ҳурмат қилиш (Ўзбекистон Конституцияси 48-модда), ички ишлар органи ходими томонидан ваколатидан келиб чиққан ҳолда қўйилган қонуний талабларини бажариш (“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси) мажбурияти мавжуд”.


Мақола муаллифи

Теглар

соқоли

Баҳолаганлар

541

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар