... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Сиз кимни танлайсиз?


16:00, 08.12.2015 Шоу-бизнес
 7 314

Ҳар бир хонанда концерт тушунчасини ўзича талқин этади. Кимдир янги либосини мақтаниш учун саҳнага чиқса, яна кимдир жонли ижроси билан қойил қолдиради. Аксарият хонандаларнинг раққосадан фарқи йўқ. Фонограммадаги қўшиғига боплаб рақсга тушиб беради.

Январь ва февраль ойлари ҳар йилгидагидек концертларга бой бўлиши кутилмоқда. Концерт – ким учундир йиллар давомидаги ижодини халқ билан бўлишиш бўлса, яна биров учун навбатдаги даромад манбаи, фонограммага оғиз қимирлатиб, жарақ-жарақ пулларни санаб олиш фурсатидир. Бошқалар эса фалон миллион сарфлаб, клипини ТВда намойиш этгандан, ўша пулга “Истиқлол”ни “тўлдириб” концерт беришни афзал билади. Келаси йилда эркакларга қараганда, аёл хонандалар анча фаол бўлишади, чоғи.


Навбатдаги йилнинг қулоғини аёл хонандалардан хонанда Ҳулкар Абдуллаева очиб беради. 30-31 январь кунлари “Истиқлол” санъат саройида хонанда навбатдаги концерт дастурини тақдим этади. Ҳулкарнинг охирлаб бораётган йилдаги ижодига назар ташласак, концерт беришига етарли сабаблар кўзга ташланади. “Пақа-пақ” ва “Еясим галди” – хонанданинг бу йилги ижодида энг “портлаган” қўшиқлар бўлди, десак муболаға бўлмайди. Концерт кунлари тайин бўлганига анча бўлган бўлса-да, концерт рекламалари ҳали-ҳануз шинавандаларга етиб борганича йўқ.


9-13 февраль кунлари Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова “Истиқлол” санъат саройида жонли ижродаги “Мен сизни топгунимча” номли концерт дастурини тақдим этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мамазоитованинг 2015 йилда 6 кун жонли концерт берганини айтмаса, бу йил унинг ижодида “Ҳуштак”дан бўлак хит қўшиқ бўлмади. Концерт олдидан ҳар йили битта “портлаш” қилишга одатланган Мамазоитова хитларни тақдим этиш учун қулай фурсат кутаётгандир, балки.

Опа-сингиллар Мавлуда ва Гули Асалхўжаевалар сўнги концертларини 2008 йилда тақдим этишган эди. Асалхўжаевалар янги йилнинг 19-20-21 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида навбатдаги концерт дастурларини тақдим этишни режалаштиришган. Бундан 8 йил аввал 5 кун концерт берган опа-сингиллар бу йилги концерт кунларини қисқартиришди. Доимий равишда турк қўшиқларини ўғирлаб куйлаши танқид қилиб келинадиган бу икки хонанданинг сўнги йиллардаги ижодида ўзгаришлар ва хит қўшиқлар талайгина бўлди. Ва энг асосийси бу қўшиқларнинг муаллифи турк ёки бошқа миллат вакиллари эмас, айнан ўзимизнинг бастакор ва шоирлар. Бунга мисол тариқасида Мавлуда Асалхўжаеванинг “Олов-олов”, “Болам онанг қарияпти”, “Қайнона” (Манзура билан), “Араз” Гули Асалхўжаеванинг “Атиргулим”, “Алдадинг”, “Адрас мато” номли қўшиқларини келтириш мумкин. Хонандаларнинг бугунги шоу-бизнесдаги мавқеи ва ўрнини инобатга олсак, уч кунлик концерт тақдим этиш ёмон натижа эмаслигини айтиб ўтиш ўринлидир. Энди Асалхўжаевалар қўшиқларнинг сонига эмас, балки сифатига эътибор қаратиб, фақат тўйбоп қўшиқлардан четлашган ҳолда, узоқ йиллар яшаб қоладиган тароналар яратишади, деган умиддамиз.


Ҳар йилги концертлар ичида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг концерт дастури – энг шов-шувли ва кутилган концерт дастури бўлади. Албатта, Райҳоннинг концерт олдидан пиар рекламалари ҳам шунга яраша. Концерт олдидан хонанданинг ижоди ва шахсий ҳаёти билан боғлиқ бирор воқеа, халқ орасида тилдан-тилга ўтиб хонандага бўлган қизиқишни янада орттириши шубҳасиз. Ўтган йили ҳам шундай бўлган эди. Райҳоннинг турмуш ўртоғи билан муносабатларига дарз кетиши ва ажрашиши концерт олдидан жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди ва бу гап-сўзлар ҳалигача тингани йўқ.

Хонанда февраль ойида концертини тақдим этадиган бошқа ҳамкасбларига қараганда, отни аввалроқ қамчилади. Хонанданинг 24-27 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида концерт бераётгани ҳақида хабар берувчи реклама баннерлари аллақачон тарқалиб улгурди.

Райҳон бу йил талайгина хит қўшиқларни тақдим этди. “Кўникмадим” (Лола Йўлдошева билан),“Парвоз этай”, “Дилимо” номли қўшиқлар, шулар жумласидандир. Кўрамиз, Райҳон навбатдаги концертига томошабинларни қандай жалб қила оладию бу йилги концертга нима янгилик киритилади?..


“Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура жорий йилнинг 1-2-3 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида 18 йиллик ижодий сарҳисоб концерт дастурини тақдим этиши ҳақида хабар қилганди. Бироқ концертнинг биринчи ва иккинчи куни муваффақиятли ўтди, холос. 3 февралдаги концерт Манзуранинг тоби қочгани важи билан қолдирилди. Асл сабаблар эса на оммага ва на матбуотга ошкор этилди.

Манзура ҳам 2016 йилнинг февралида навбатдаги концерт дастурини тақдим этишни режалаштиряпти. Лекин концерт қайси кунларда бўлиши ҳалигача аниқ эмас. Бу йилги концертида асосан эски қўшиқларини куйлаган Манзуранинг 2015 йилдаги ижодида ҳам хит қўшиқлар йўқ эмас. “Ҳаётим” ва “Лазги” тингловчилар орасида анча оммалашди. Хусусан, “Лазги” қўшиғи сабаб бугун Манзуранинг тўйга буюртмалари ҳам ошди.

Юқорида номлари келтирилган 6 та аёл хонанда ҳам бугун ўзбек санъатида ўз ўрнига, йўналишига ва мухлисига эга ижодкорлар. Ва албатта концерт борасида ҳам ҳар кимнинг ўз услуби бор. Кимдир янги либоси билан мақтанса, яна кимдир жонли ижроси билан қойил қолдиради. Бошқаси эса фонограммадаги қўшиғига чиройли рақсга тушиб беради, холос. Нима бўлганда ҳам энг холис баҳони томошабин беради. Шунча йиллардан буён тақдим этилаётган концерт дастурларида зал ўз-ўзидан тўлмаётгандир, ахир. Хўш, сиз кимни танлайсиз? Қайси хонанданинг корцертига борган маъқул? Кимнинг концертида сарфлаган маблағингизга яраша ҳам ҳордиқ чиқарасиз, ҳам маънавий озуқа оласиз?
Қамариддин Шайхов

Теглар:концерт Истиқлол 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Шухрат
20:32 29.01.2016

Албатта Гусанам, отасига рахмат! Халкимизга хакикий кушикчлардек хизмат кивотти. Окаси Отабек хам кам булмасин, устоз хофизлар йулидан кетмокда.Исми узбек санъатида абадий колади.


Nuriddin
11:11 11.01.2016

Gulsanam Mamazoitova ichida eng yaxshisi


ixtiyor
09:12 24.12.2015

albatta har bir sanatkorni sanatini hurmat qilaman ammo uzbek shou biznesida eng eng eng birinchi albatta bu RAYHON konsertni intizorlik bn kutamiza


z
16:52 15.12.2015

Албатта Райхон кимладур этиши мумкин у жонли куйломиди диб хамма барибир фонаграммадан фойдалангандан кегин нима фарки бор Райхонни концерти хакикий шоу булади пулини кетганига ачинмисан.


мухлис
14:13 14.12.2015

Гулсанам Мамазоитовага овоз бераман, чунки унинг қўшиқларида мазмун ҳам бор. мусиқаларида ҳам



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!