Мактаблар учун муқобил дарсликлар яратилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.

Низомга мувофиқ, муқобил дарсликларга қўйиладиган талаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Вазирлик кейинги ўқув йиллари учун тавсия этиладиган ва яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ҳамда уларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг расмий веб-сайти орқали бир йил олдин эълон қилади.

Мазкур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлашда иштирок этиш истагида бўлган ижодий жамоалар Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органига таклиф киритади.

Яратилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар Ишчи органга оригинал макет ҳолатида киритилади.

Оригинал макетлар вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан икки ой муддатда экспертизадан ўтказилади.

Ишчи орган энг юқори баҳоланган оригинал макетларни тажриба-синовдан ўтказишга розилик олиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга 1 ҳафтада киритади. Тажриба-синов ўтказиладиган мактаблар рўйхати Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади.

Ишчи орган тажриба-синов ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларини бир ойда умумлаштиради ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этади.

95 фоиздан юқори балл олган муқобил дарсликлар мактаблар учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий фойдаланишга тавсия этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб муқобил дарслик

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг