Саратон сабаб оёқлари кесилган блогер 21 ёшида вафот этди

Олам

Туркиялик таниқли блогер Неслижан Тай 21 ёшида саратон хасталиги сабаб вафот этди. Унинг вафоти мамлакат расмийлари томонидан ҳам қайғу билан қаршиланди.

Неслижан Тай 2017 йил қишларида оёғида оғриқлар сеза бошлайди. Бир неча бор шифокорларга мурожаат қилади. Доимий равишда спорт билан шуғулланиб келган 18 яшар Тайга шифокорлар шунчаки пай чўзилиши билан боғлиқ ташхис қўядилар. Март ойига келиб текширув натижалари унинг саратон хасталигига чалинганини исботлайди. 

Ўша йили Неслижан университетга кириш фикридан ҳам қайтади. Тўғрироғи, хасталик, даволаниш бунга имкон бермайди. Ўша йилнинг ўзида беш марта кимё терапиясини бошдан кечиради. Афсуски, ўзгариш яхши тарафга бўлмайди. Шифокорлар унинг чап оёғини кесиш орқали хасталикдан буткул қутилиш йўлини танлайдилар. 

У ўзининг YouTube’га жойлаштирган видеоларидан бирида шундай дейди: 

“Операциядан чиққанимда ўзимни ҳамма нарсасини бой берган кишидек ҳис қилдим. Оёғимни, сочларимни йўқотдим. Энг ёмони саратоннинг яна қайтмаслигига кафолат йўқ эди. Тенгдошларим университетда ўқишни бошларкан, мен шифохонадан бир қора халтага кесилган оёғимни солиб уйга қайтардим. Аммо, яшашда давом этишим керак мақсадни қўйдим. 

Операциядан 14 кун ўтиб уйда сиқилишни бошладим. Мен бундай яшай олмайман. Мен ҳаётни борича яшаб ўтишга, ундан завқланишга бошқалар каби ҳақлиман дедим ва пардоз қилиб дўконга бордим. У ерда илк бор оёғим кесилган ҳолатда суратга тушдим. Бундан мақсад атрофимдаги дўстларим, яқинларимга ҳолатни билдириш эди. Чунки кўпчилик саратонга чалинганимни билсада, унинг бу қадар жиддий ва таҳликали эканини фарқламасди. Кейинроқ, суратларим ва видеоларим остига саратон, унинг турли босқичлари ҳақида билганларим ва бошимдан кечирганларимни ёзишни бошладим. Мен суратларим ва ёзганларим билан одамларни бу қадар ўзимга жалб қиламан деб ўймаган эдим. Бу мени жасоратлантирди ва ҳаётга қайтарди. Ва мен олти ойдан кейин яна саратонга чалинганимни билдим. Бу мен ва оилам, айниқса, онам учун жуда ёмон хабар эди.  Оёғимдан айрилганимда, ҳаммаси тугади, саратондан қутилдим, деб ўйлагандим. Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. Ва декабрда яна операция қилишди. 

Мен барибир яшашдан чарчамадим. Курашдим. 2018 йилнинг июнь ойида эса ҳаёт яна бир “совға”ни улашди. Менда яна саратон аниқланди. Бу сафар эса операция фойдасиз эди. Ўша кеча туни билан йиғладим. 

Саратоннинг айрим турлари одамларга имкон беради. Жуда бўлмаса 5 йил, 3 йил яшаш имкони бор. Мен эса ҳар олти ойда у билан юзма-юз келдим. Саратон мен билан қанча қасдлашмасин, мен ҳам унга бўш келмасликка, енгилмасликка сўз бердим.

Ҳаёт менга бу қадар синовларни бераркан, мен университетга киришни яна кечиктиришни тўғри деб билмадим. Ҳали қаддимни тутиб туришни эплолмай туриб, имтиҳонларга бордим ва университетга ўқишга қабул қилиндим. Истанбулга келиб жойлашдим, бир вақтнинг ўзи муолажалар давом этди”.

2018 йилнинг декабрь ойидан Неслижан YouTube’га илк видеосини жойлаштиради ва бу видео миллионлаб кузатувчилар томонидан томоша қилинади. Айни вақтда унинг доимий обуначилари 300 мингдан ортган. 

Неслижан Тай саратон билан умрининг охирига қадар курашди. Куни кеча у яна шифохонага ётқизилди. Олиб борилган муолажалар натижа бермади. У 20 сентябрь оқшомида вафот этди. Унинг вафотидан кейин энг сўнгги видеоси эълон қилинди. Унда блогер саратондан қутилмаслиги ва ҳаётга қайтмаслигини бир кун ҳам ўйламагани, фақат ва фақат у билан курашгани ва ҳаётдан завқланиб яшашга ҳаракат қилганини айтади. 

Эслатиб ўтамиз, яқинда ижтимоий тармоқлар орқали танилган Буюк Британиялик 49 яшар блогер Саманта Ласт ҳам саратонга чалинганини хабар қилган эдик. 


 


Мақола муаллифи

Теглар

Неслижан Тай

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар