Ўзбекистон Озарбайжонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Жамият

image
Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши курашишда 5 та муҳим таклифни илгари сурди north_east

Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши курашишда 5 та муҳим таклифни илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан қардош Озарбайжон Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Маълумотларга кўра, фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан шакллантирилган юк таркибига тиббий ниқоблар ва қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, антисептиклар ва коронавирусга қарши курашишда зарур бўлган бошқа тиббий воситалар киритилган.

Маълумки, 2019 йилда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Ушбу ташкилотга Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо. Ушбу мамлакатларнинг умумий аҳоли 160 миллионни ташкил этади. 

Айни вақтда Озарбайжонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 1 148 та ҳолат аниқланган. Беморларнинг 12 нафари вафот этган, 289 нафари соғайган. Мавжуд беморлар сони 847 кишини ташкил этмоқда. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон бугунгача Хитой Халқ Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Венгрия ва Тожикистон Республикаларига инсонпарварлик ёрдамини юборди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ва Озарбайжонда коронавирус аниқлангунга қадар жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиева рафиқаси – мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева билан Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилаётган эди. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирокида тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлар ўтказилиши, икки давлат раҳбарлари пойтахт Тошкентда барпо этилаётган Ҳайдар Алиев номидаги боғнинг очилиш маросимида иштирок этиши режалаштирилган эди

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев сўнгги бор Ўзбекистонга 2010 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари ташриф буюрган эди. 

Ўзбекистон раҳбарининг Озарбайжонга сўнгги ташрифи эса 2011 йилнинг 11-12 сентябрь кунларига тўғри келган. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Бакуга борган эди. Саммит доирасида Мирзиёев Алиев билан учрашиб, уни Ўзбекистонга таклиф қилди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Озарбайжон Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг