Навоийда гиёҳванд моддани Қуръон китобига солиб сотмоқчи бўлган “мулла” ушланди

Жамият

image

Навоий вилоятида Қуръони Каримнинг орасига гиёҳванд моддани солиб, сотмоқчи бўлган мулла ушланди. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” ахборот дастури хабар берди.

Унга кўра, 1969 йилда Навоий вилояти Нурота туманида туғилган фуқаро 1 800 АҚШ доллари эвазига танишига 3,84 грамм “опий” гиёҳванд моддасини сотаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Хабарда таъкидланишича, фуқаро гиёҳванд моддани сотишда Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Каримдан фойдаланган. У 2 граммга яқин гиёҳванд моддани мазкур китобнинг ичига яширган.

Қўлга олинган фуқаронинг айтишича, у мазкур ишнинг нотўғри эканлигини билган, бироқ хаёли бузилгани учун шу ишни қилган.

Тергов-суриштирув жараёнларида аниқланишича, мазкур жараёнда гиёҳванд модда таъминотчиси 1972 йилда туғилган, муқаддам судланган тошкентлик фуқаро бўлган. У судланишидан олдин ҳам, судланиб чиққанидан кейин ҳам тожикистонлик танишидан гиёҳванд модда олиб, уни ўтказиш билан шуғулланган.

Гиёҳванд модданинг харидори сифатида мазкур ҳолат бўйича қўлга олинган фуқаронинг сўзларига кўра, у касаллиги сабабли бир грамм гиёҳанд моддани 3-4 кун истеъмол қилади.

Навоий вилояти ИИБ томонидан маълум қилинишича, мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида аввал ҳам жиноят иши қўзғатилган. Бироқ инсонийлик тамойиллари қўлланилиб, улар суд залидан озод қилинган.

Қилмишидан тегишли хулоса қилмаган бу фуқаролар яна жиноятга қўл урган. Ҳозирги пайтда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

гиёҳванд модда Қуръон

Баҳолаганлар

270

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг