“Қудратингизнинг чеки йўқ”. Собиқ иттифоқ мамлакатлари раҳбарлари Путинни қандай табриклади?

Таҳлил

image

Россияда ҳар йилги анънага содиқ қолган ҳолда 12 июнь куни – Россия куни сифатида нишонланмоқда. Ушбу кун муносабати билан давлат раҳбарлари мамлакат Президенти Владимир Путинга табрик мактубларини йўлладилар. Бу рўйхат аввалида собиқ иттифоқ мамлакатлари раҳбарларини кўриш мумкин. 

Энг оташли табрикнома Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан йўлланган, десак муболаға бўлмайди. 

Қозоғистон раҳбари Владимир Путинни ва барча русларни миллий байрам – Россия куни билан самимий табриклади. 

“Россия Федерацияси ушбу муҳим санани ўзининг яқин тарихидаги халқаро барқарорлик ва хавфсизликка улкан ҳисса қўшадиган, янги таҳдидларга қарши турадиган ва жаҳон ҳамжамияти аъзолари ўртасида ўзаро манфаатли ва адолатли ҳамкорликни ривожлантирадиган қудратли ва нуфузли куч сифатида нишонламоқда. Ўзингиз ишлаб чиққан стратегик йўналишга қатъий амал қилиб, Россия давлат қуришнинг кўп асрлик анъаналарини муваффақиятли ривожлантирмоқда ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилишни изчил амалга оширмоқда”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев. 

Қозоғистон Президенти, шунингдек, русларнинг ватанпарварлик ва бирдамлик ғояларига содиқлиги,  ватанлари билан фахрланиши ва порлоқ келажакка қатъий ишониши барқарор тараққиёт ва Россия давлати фаровонлигининг гарови эканлигини таъкидлаган. 

Қосим-Жомарт Тўқаев Владимир Путинга Қозоғистон ва Россия ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган самарали саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирган.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бошқа давлат раҳбарларига қараганда эртароқ отни қамчилаб, бир неча кун аввал Путинга табрикнома йўллаган. 

“Россия Федерацияси сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ривожланиш, тараққиёт ва ўзгариш йўлида қатъий қадам ташламоқда. Фаол ташқи сиёсат мамлакатингизнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун ишончли асосдир. 

Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатлар юқори даражада эканлигини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналари озарбайжон-рус кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. 

Ишончим комилки, икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги барча вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади. 

Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон халқининг коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш даврида Россия халқи билан бирдамлигини изҳор этаман. 

Сизга, азиз Владимир Владимирович, мустаҳкам соғлиқ, муваффақиятлар ва барча русларга фаровонлик ва фаровонлик тилайман”, дейилади Алиевнинг табрик мактубида.  

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кўп йиллардан буён давом этиб келаётган Қорабоғ можаросида озарбайжонлик маҳаллий ва халқаро экспертлар Россияни Арманистонни қурол-яроғ билан таъминлашда айблаб келади. Шунга қарамай, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги алоқалар изчил давом этмоқда. Ўтган йили Владимир Путин Озарбайжон Республикаси вице-президенти – мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиевани “Дўстлик” ордени билан мукофотлаган эди. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам қатордан қолмай, Россия Президенти Владимир Путинни миллий байрам - Россия куни муносабати билан табриклади. 

Арманистон раҳбари Путинга сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар, рус халқига эса тинчлик, фаровонлик тилади. У ушбу байрам мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ютуқлари, шунингдек, унинг халқаро майдондаги ролини кучайтириш билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади. 

“Арманистон ва Россия ўртасидаги стратегик алоқалар халқларимиз фаровонлиги учун барқарор ривожланмоқда ва Арманистон-Россия ҳамкорлиги деярли барча соҳаларда мустаҳкамланиб, кенгайишда давом этмоқда",  дея таъкидлади Бош вазир. 

Пашинян кўп асрлик дўстлик ва ишонч тарихи, халқлар ўртасидаги қардошлик алоқалари халқаро тузилмалар ва интеграция иттифоқларида конструктив ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам учун мустаҳкам пойдевор эканлигини таъкидлади. 

“Яқин келажакда мамлакатларимиз жиддий глобал таҳдидлар билан боғлиқ вақтинчалик қийинчиликларни енгиб, анъанавий яқин ҳамкорликни тиклай олишига деб умид қиламан", дейди у. 

Охирги вақтларда нафақат МДҲ мамлакатлари, балки бутун дунё диққат марказида бўлиб турган Александр Лукашенко Россия тождорига табрик йўлларкан, мамлакатнинг қудратини тан олиш баробарида, унинг улуғворлигини алоҳида урғулади. Лукашенко ўз табригида шундай дейди: 

"Бу кун Россия давлатининг қудрати ва улуғворлигини, унинг кўп асрлик тарихи, бой маданияти ва анъаналари билан фахрланишни англатади. Беларусь қардош халқларнинг кучли ва гуллаб-яшнаётган Россияни барпо этиш, одамлар учун муносиб ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишдаги муваффақиятларини катта ҳурмат қилади.  

Ҳозирги ва янги ютуқларнинг калити – бу русларнинг кўплаб авлодлари илҳомлантирган бунёдкорлиги, уларнинг бирлиги,  Ватанга муҳаббат ва садоқатидир”.

Беларусь раҳбари ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган конструктив давлатлараро мулоқот икки мамлакат аҳолисининг туб манфаатларига жавоб беришига ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирди. 

Александр Лукашенко, шунингдек, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Федерал Мажлис Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенко, Федерал Мажлис Давлат думаси раиси Вячеслав Володинга табриклар йўллади.

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков эса ўз табригида Россия ва унинг бугунги муваффақиятларини бевосита Владимир Путин фаолиятига боғлади. У табригида Россияни эмас, Путинни кўпроқ мақтагандек. 

"Буюк тарих ва маданият, улкан ютуқлар ва бетакрор табиий бойликларга эга, кўплаб халқларни ва ўзига хос маданиятларни улкан маконда бирлаштирган Россия сизнинг бевосита иштирокингиз билан давлат қуришда улкан ютуқларга эришди. Бугунги кунда унинг ривожланиши ва халқаро нуфузи сизнинг исмингиз билан узвий боғлиқдир. Россия Федерацияси томонидан миллий манфаатлар, фуқаролик келишуви ва маънавий қадриятларни ҳимоя қилиш учун танланган йўналиш мамлакатнинг изчил ривожланишининг гаровидир. 

Қирғизистонда улар умумий тарихий меросни қадрлашади ва Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини ривожлантиришга, йирик қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга, шунингдек, Ёвросиё ҳудудидаги интеграция жараёнларига қўшган ҳиссангизни қадрлашади. 

Ишончим комилки, Қирғизистон-Россия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида иттифоқчилик ва стратегик шериклик руҳида давлатларимизнинг равнақи йўлида изчил ва самарали ривожланиб бораверади”, дейди Қирғизистон раҳбари.

Сооронбай Жээнбеков Владимир Путинга сиҳат-саломатлик ва давлат фаолиятида улкан муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон Республикаси Презизиденти Имомали Раҳмоннинг табригидан ҳануз дарак йўқ. Маҳаллий ОАВ, Президент Матбуот хизмати ва мамлакатлар Ташқи ишлар вазирликлари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга табрик йўллангани ҳақида миқ этгани йўқ. Шунингдек, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев тарафларда ҳам сукунат ҳукмронлик қилмоқда. 

Шу қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга табрик йўллаган. Бу ҳақда хабар берган Президент Матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Путинга табригида нималар айтилганини очиқламаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

573

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг