... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳнозабонудан қолган сўнгги қўшиқ премьераси


17:56, 13.07.2016 Премьера
 14 928

Бугун Шаҳнозабонунинг таваллуд куни муносабати билан хонанданинг вафотидан аввал куйлаган “Турналар” номли қўшиғини тақдим этамиз.

Шу йилнинг 14 март  санаси тонгданоқ хунук хабар билан бошланди. Хушовоз хонанда Шаҳнозабонунинг вафот этгани ҳақидаги шум хабарлар бутун республика бўйлаб тарқалишга улгурди. Эндигина 40 ёшни қаршилаб, ҳатто, ёлғиз қизининг тўйини ҳам кўришга улгурмаган Шаҳнозабонунинг тўсатдан вафот этиши кўпларни – санъат аҳли вакилларидан тортиб оила аъзоларини, бир вақтлар хонанда билан ҳамкорлик қилган, уни таниган-билганлар ва мухлисларини эсанкиратиб қўйди. Шаҳнозбону кўзларни ёшлатиб, дилларни ғашлатиб кетди.
 
У қўшиқлари каби ўта нозик, ҳар қандай вазиятда одамларнинг кўнглига йўл топа оладиган, яхши ишлар томон ошиқадиган, савобни қидириб қиладиганлардан эди. Бугун уни эслаб, ёдга олаётганларнинг ҳаммаси хонанданинг одамохунлиги, ғийбатдан йироқ, ҳасадга бегона эканини, дўстлари ва яқинларининг юксалишидан доим қувониши, ўзидаги нарсаларни ҳам бошқаларга улашгани ҳақида кўп гапиришади.
 
Дарвоқе, бугун Шаҳнозабону ҳаёт бўлганда 41 ёшни қаршилаган бўларди. Ундан эслашга арзигулик хотиралар, ширин сўзлар, юзлаб қўшиқлар қолди. Уларни эшитганинг сари хонанданинг ички оламига янада яқинлашиб бораверасан киши. Ҳар бир қўшиқ Шаҳнозабонунинг ҳаёти, умри, ўтказган йиллари, тўсиқлар, армон, йўқотишлар, орзулар ва бардошидан сўзлаётгандек. У зоҳиран қанчалик хушчақчақ, қанчалик шўх-шаддод аёл бўлган бўлса, ботинан шунчалик ўйчан, сабр-тоқатли инсон эди.
 
Шаҳнозабону ҳаётга шунчаки келиб-кетгани йўқ. У ўзидан катта из, йилларга татигулик қўшиқлар қолдирди. Унинг ушалмаган орзулари, етишолмаганларини фарзандининг кўзидан топасиз. “Қизалоғим” дея саҳнага қадам қўйган, мухлислар тилига тушган хонанда сўнгги нафасигача қизи Умиданинг камолини кўриш орзуси билан яшади.
 
Шаҳнозабону ҳақида сўз очилганда, уни яқиндан таниган-билганлар тинимсиз суҳбат қуриши, хонанданинг яхши фазилатлари ҳақида соатлаб гапириши мумкин. Аслида энг яхши гаплар, одамларга маълум ва номаълум воқеалар, Шаҳнозабонунинг йиллар давомида қилган эзгу амаллари ҳақидаги реал ҳикоялар одамлар қалбида яшаяпти. Уларнинг ҳар бири хонанда ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитади. Унинг кўнгил оламини тўлароқ англашимизга ёрдам беради.
 
Шаҳнозабонунинг орзулари кўп эди. У ўлимга тик боққани, уни мардонавор қабул қилгани билан ҳаётни жуда севарди. Яшашдан мақсади кўп эди. Хонанда бастакор Баҳодир Низомов билан бир нечта қўшиқ устида иш бошлаганди. Уларнинг кўпи тайёр ҳолатга келди. Клип олиш режалаштирилди. Ижод давом этди... Бироқ тақдир ҳукми режалардан устун чиқди. Орзулар устидан жаноза ўқилди...
 
Шаҳнозабонунинг яхшиликларидан баҳраманд бўлган, унга ўз вақтида миннатдорчилик билдира олмаганлар жуда кўп. Ҳар бири қайсидир йўл билан хонандани хотирлашга уринмоқда. Бугун хонанданинг таваллуд куни муносабати билан бастакор Баҳодир Низомов Шаҳнозабону ҳаётлик чоғида куйлаган, аммо мухлисларига тақдим эта олмаган қўшиқлардан бирини сайтимизга тақдим этди.
 
“Турналар” деб номланган мазкур таронани сайтимизнинг мусиқа бўлида тинглаш ва кўчириб олиш имкониятига эгасиз. 

Теглар:Шаҳнозабону 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!