62 ёшни қаршилаган Президент, мамлакатдан кетган Золотой, Касбида бошланган текширув ва бошқа хабарлар

Жамият

Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон ва ундан ташқарида қизиқарли воқеа ва ҳодисаларга бой бўлди. Қуйида ушбу воқеаларнинг энг муҳимларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Шавкат Мирзиёев 62 ёшни қаршилади

Вақт сув каби оқиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев билан истиқболни бирга қуришни бошлаганимизга ҳам икки ярим йилдан ошди. Бу орада Президент бизнинг энг ишончли одамимизга айланди. Унга суянишни ўргандик.

Шавкат Мирзиёев йиғилиб қолган муаммоларга ечим, анча толиққан давлатга раҳбар бўлиб келди. У меҳнатга, тинимсиз заҳмат бошига келди. Қўл қовуштириб туришга одатланганларни тер тўкиб ишлашга ўргатди. Сочларидаги оқлар сони ортди, елкасидаги юк кун сайин оғирлаб боряпти. Президентга нисбатан халқнинг меҳри эса кун сайин ошаётганини кўриб турибмиз. Бугун, 24 июль куни Шавкат Мирзиёев 62 ёшни қаршилади.

ИИВда икки янги ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида навбатдаги тайинловлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари тайинланди.

Энди ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари мутлақо янгича тартибда ишлайди

Бундан буён вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлайди. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Мирзиёевнинг дунё тан олган 10 ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ТОП-10 та энг муҳим ташаббуслари аниқланди. Бунинг учун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан экспертлик сўрови ўтказилди.

Тажрибали иқтисодчилар, сиёсий шарҳловчилар, етук олимлар, маданият арбоблари, нуфузли журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда мустақил тадқиқотчилардан иборат 100 нафар маҳаллий ва хорижий экспертлар базаси шакллантирилди.

Равшан Золотой яна мамлакатни тарк этди

Таниқли тадбиркор, халқ орасида “авторитет” номи билан танилган AIBA’нинг собиқ президенти Ғафур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриб келинган “Равшан Золотой” – Равшан Муҳиддинов жорий йилнинг 11 июль куни Ўзбекистонга қайтгани ҳақида хабар берган эдик. 30 яшар “Равшан Золотой” бир неча кун Тошкентда бўлиб, яна мамлакатни тарк этган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.

“Tashkent City” учун “қурбон” қилинган ресторан эгасига берилган ваъда ҳамон бажарилмади

“Tashkent City” халқаро бизнес маркази қурилиши учун “қурбон” қилинган “Ezidiyor” ресторани хўжайини ўзига ваъда қилинган бинони олишга ҳаракат қиляпти. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи, Палата аъзоси “GRAND DUET” МЧЖ Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирлиги қўшма корхонаси раҳбари Ш.Собиров, мурожаат қилган.

Микроқарз, микрокредит ва микролизинг миқдори оширилади

Ўзбекистон Републикаси Президенти “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг 2019 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Фарғоналик келинлар дабдала қилган заводда аҳвол қандай?

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш доирасида чет эллик шериклар томонидан нефть етказиб бериш бошланди. Шу тариқа ҳудуднинг энг йирик корхонаси фаолиятида янги даврга дебоча қўйилди.

Атамбоев махсус рейсда Москвага учиб кетди

Бугун, 24 июль куни Алмазбек Атамбоев Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Канр рус ҳарбий авиабазасидан махсус рейс билан Москвага учиб кетди. Атамбоев Москвада ким билан учрашиши номаълум. Фақатгина учрашувнинг самолёт таклиф қилаётган томондан юборилгани ва учрашув юқори даражада ўтиши айтилди.

Танзила Норбоева 63 ёшни қаршилади

Бугун, 24 июль куни нафақат Шавкат Мирзиёевнинг, балки Республика раҳбариятидаги иккинчи шахс – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Камоловна Норбоеванинг ҳам таваллуд куни. Танзила Норбоева 63 ёшни қаршилади.

Касби ИИБ бошлиғининг “хурмача” қилиғи бўйича текширув бошланди

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров куннинг жазирама вақтида фермерларни далада туришга мажбур қилгани ва кейинроқ уларни кишанлатгани ҳақида хабар берган эдик.

Воқеа юз берганидан 10 кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди. Унда қайд этилишича, ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ва ИИБ томонидан текширув бошланган.

Шуми халқни ўйлаб чиқарилган қарор? – “Адолат” СДП

Жорий йилнинг 19 июль куни Вазирлар Маҳкамасига фракцияда кўтарилган масалалар бўйича таклифлар юборилган ва амалга оширилган ишлар бўйича 1 августгача Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этиш сўралган. Бу орада бугун “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий сайтида Ҳукумат қарорлари халқ манфаатларига хизмат қилмаётгани, улар халқни ўйлаб чиқарилмаётгани айтилган мақола эълон қилинди. 

Шавкат Мирзиёевга табриклар

Бугун, 24 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, БААТуркия ва  бошқа давлат раҳбари, Бош вазирлари табрик йўллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг