Президент истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича фармонни имзолади
Жамият
−
12 Сентябрь 2019
5268Ўзбекистон Республикаси Президенти "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4126-сон қарорини самарали амалга ошириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш;
истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш;
аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш;
истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;
тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.
2. Қуйидагилар:
Агентликнинг марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 38 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
2019-2020 йилларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг (кейинги ўринларда – Қўмита) ҳудудий бошқармаларига уларнинг ташкилий тузилмасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаларини ташкил этиш учун қўшимча 142 нафар штат бирлиги ажратилсин.
Белгилансинки, Агентлик ва Қўмита ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари штат бирликлари 2019 йилда тегишли вазирлик ва идоралар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини мақбуллаштириш ҳисобидан жамланади.
4. Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини ўтказиш, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги жиҳатидан экспертизадан (тестдан) ўтказилишини ташкил қилиш;
б) истеъмолчилардан ариза ва шикоятлар тушган ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш;
в) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлганда, тадбиркорлик субъектларида (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) текширишлар ўтказиш;
г) истеъмолчиларга товарларни (ишларни, хизматларни) яроқлилик муддати, сақлаш ва хизмат кўрсатиш муддатини бузган ҳолда реализация қилиш ҳолати аниқланганда:
ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан давлат органларига, мулкчилик шаклидан қатъий назар, ташкилот, муассаса ва корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аломатлари аниқланганда материалларни ваколатли органларга, шунингдек, тегишли фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиянинг (рухсат берувчи ҳужжатларнинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги масаласини ҳал этиш учун тегишли органлар ва ташкилотларга юбориш;
истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш учун судларга аризалар билан мурожаат қилиш;
д) даврий босма нашрлар, китоб маҳсулотлари назорат нусхалари, теле ва радиодастурлар эфирларида жойлаштирилган ҳужжатли материаллар, рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатишга оид материалларни бепул олиш.
Агентлик ва Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
5. Белгилансинки:
Агентлик таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш ҳақида Агентлик ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар ҳамда мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ижро этиш учун мажбурийдир;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мансабдор шахслар, шунингдек, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, хўжалик юритувчи субъектлар Агентликнинг талабига биноан унга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт;
Агентлик тугатилган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш йўналишидаги барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Агентликка Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиганва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Агентлик директорининг ўринбосари Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Агентлик директори меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматларидан фойдаланиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Агентлик ходимларига нисбатан Қўмита ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби қўлланилади.
6. Агентлик директорига Қўмита раиси билан келишилган ҳолда:
зарур ҳолларда, Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига Агентлик бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Агентлик бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони бўйича таклифлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи миқдори ҳамда бошқа тўловларни белгилаш орқали малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ходим ва маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
Агентлик ходимлари учун, қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъий назар, Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, улар эгаллаган асосий лавозими бўйича лавозим маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар белгилаш.
7. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси
ва Агентлик:
а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини, истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари аниқланганда Агентликнинг ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлигини, товарлар (ишлар, хизматлар) мустақил экспертизасини ўтказиш механизмини назарда тутсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу Фармонга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 11 сентябрь