Қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар рўйхати тузилди
Жамият
−
21 Декабрь 2019
4699Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхатини, шунингдек фуқароларнинг тиббий текширувдан ўтиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатга мувофиқ, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати тузилади.
Умумий тиббий монеликлар:
1. Функционал фаолиятининг бузилиши билан кечувчи аъзоларнинг туғма нуқсонлари.
2. Функционал бузилишлар турғун ифодаланган марказий асаб тизимининг органик касалликлари.
3. Сурункали руҳий хасталиклар ва психо-неврологик диспансерларда албатта мажбурий динамик кузатувга муҳтож бўлган шу касалликларга тенг бўладиган ҳолатлар, пароксизмал ўзгаришлар билан кечувчи эпилепсия. Оралиқ руҳий касалликлар яққол ифодаланган ҳолатларда тегишли ишларга яроқлилик масаласи психо-неврологик диспансерининг комиссияси томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади.
4. Яққол ифодаланган ўзгаришлар билан кечувчи эндокрин тизимининг касалликлари.
5. Хавфли ўсмалар (даволангандан кейин мутлақ монеликлар бўлмаган ҳолларда масала индивидуал ҳал қилиниши мумкин).
6. Қон тизимининг барча касалликлари (ҳамма босқичларида) (жумладан қон яратувчи тизимнинг касалликлари).
7. Гипертония касаллигининг III босқичи.
8. Қон айланиши етишмовчилиги билан асоратланган юрак касалликлари.
9. Яққол ифодаланган ўпка-юрак етишмовчилиги билан асоратланган ўпканинг сурункали касалликлари.
10. Нафас ва қон айланишининг яққол ифодаланган функционал бузилишлари билан кечувчи бронхиал астманинг оғир тури.
11. Туберкулёзнинг ҳар қандай жойлашган фаол турлари.
12. Сурункали тез-тез қайталанадиган ва асоратланишга мойил меъда ва 12 бармоқли ичакнинг яра касаллиги.
13. Жигар циррози ва фаол гепатитлар.
14. Буйрак етишмовчилиги билан асоратланган сурункали буйрак касалликлари.
15. Коллагенозлар.
16. Касби бўйича иш бажаришга халақит берувчи турғун бузилишлари бўлган бўғим касалликлари.
17. Ҳомиладорлик ва сут ажралиш даври.
18. Фарзанд кўриш истаги бўлган аёлларда анамнезида одатдаги ҳомила нуқсонлари ва ҳомиладорликнинг охирига етмаслиги.
19. Бачадондан қон кетиши билан кечувчи ҳайз кўриш функциясининг бузилишлари.
20. Глаукома декомпенсация даврида.
Қўшимча тиббий монеликлар:
1. Қўл-оёқ ва кафтларининг йўқлиги.
2. Периферик қон-томир касалликлари (облитерацияловчи эндартриит, вена ва қон томирларининг варикоз кенгайиши ва бошқалар).
3.Периферик нерв тизимининг сурункали касалликлари.
4.Терининг тез-тез қайталаниб турувчи сурункали касалликлари.
5.Кўриш ўткирлигининг коррекция билан бир кўзда–0,5 Д дан кам, иккинчисида–0,2 Д дан кам ёки бир кўзда 0,7 Д, иккинчисида–умуман кўришнинг йўқлиги.
6. Этиологиясидан қатъи назар, эшитиш қобилиятининг бир ёки икки томонлама турғун даражада пасайиши (шивирлаб гапириш 3 м дан кам).
7. Марказий нерв тизимининг органик касалликлари.
8. Вестибуляр бузилишлар.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳага ўзгартириш киритилиши ёки тасдиқланмаслиги мумкин.