Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мансабдорларига жиноий иш очилди
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
9758Пойтахт Тошкентда жойлашган "Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази"нинг 15,3 млрд сўм пул маблағларини талон-торож қилинган. Энг қизиғи бунга “Давр банк” ва “Ипак йўли” банки ходимлари ҳам алоқадор. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан “Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази”да ўтказилган терговга қадар текширувда, марказнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, “Давр банк”нинг Юнусобод филиали, “Ипак йўли” банкининг Мирзо Улуғбек филиали ходимлари ҳамда “T.S”, “S.F” МЧЖлари мансабдор шахслари, “X.U” ва “S.P.” хусусий корхоналари раҳбарлари ноқонуний даромад орттириш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирганлари аниқланган. Улар 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида марказнинг жами 15,3 млрд сўм пул маблағларини талон-торож қилган.
Ҳозирда “Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази” мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси