Миср Ўзбекистоннинг ЖСТга киришига ёрдам бермоқчи

Жамият

image

Миср Араб Республикаси Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришига ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Дилшод Ахатовнинг Қоҳирада Миср Савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмад Антар ва Инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Реда Бебарс билан ўтказган учрашувида маълум қилинди. 

Музокаралар чоғида икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инвестицион ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлигини фаоллаштиришнинг амалий масалалари 2018 йил сентябрь ойида Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган иқтисодий келишувларнинг бажарилиши нуқтайи назаридан муҳокама қилинди. 

Учрашувда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро комиссиясининг 7-мажлисининг кун тартиби ва амалий жиҳатлари, унинг доирасида бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорларининг Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. 

Миср томони Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш учун Мисрнинг Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан амалдаги эркин савдо режимида берилган имкониятлардан фойдаланишни таклиф қилди. 

Бундан ташқари, Миср халқаро савдо тизими Тарифлар ва Савдо бўйича Бош Битим/Жаҳон савдо ташкилотининг асосчиси сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш масаласида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлиги маълум қилинди. 

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон-Миср:  иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференсияда иштирок этди. Конференция иштирокчилари икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда тадбиқ этиш учун янги имкониятлар очаётган мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши билан танишдилар.  


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Миср Жаҳон савдо ташкилоти

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг