Тошкент вилоятидаги буюм бозорлари ёпилади
Жамият
−
23 Март 2020
8672Бугун, 23 март куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов раҳбарлигидаги коронавирус пандемиясига қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда штаб аъзоларининг ахбороти эшитилди, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, галдаги вазифалар белгиланди.
Унга кўра, эртадан бошлаб Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.
Карантин талабларига риоя этмай, хўрандаларни қабул қилишда давом этаётган умумий овқатланиш шохобчаларига нисбатан чоралар кучайтирилади.
Корхона ва ташкилотлар томонидан ўз ишчи-ходимлари учун тиббий-гигиеник воситалар жамғарилиши, ҳудудда санитар-тозалаш, дезинфекция ишларини амалга оширилиши мажбурий ҳисобланади.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан уй шароитида карантинда сақланаётган фуқароларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor