2020 йил ёшларимизни ривожлантириш йили бўлади – Норбоева

Жамият

image

2020 йил ёшларимизни ривожлантириш, ёшларга янада кўпроқ шароит яратиб бериш йили бўлади. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Тошкентдаги “Миллий” стадионида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 ташаббуси доирасида спорт жиҳозлари ортилган хайрия карвонини вилоятларга кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева гапирди. 

Норбоева Ўзбекистонда давлат раҳбари бошчилигида юритилаётган ёшларга оид сиёсат масалаларига тўхталди. 

“2020 йил ёшларимизни ривожлантириш, ёшларга янада кўпроқ шароит яратиб бериш йили бўлади. Ўзбекистон аҳолисининг 65 %ини ёшлар ташкил қилади. Келажак ёшлар қўлида, шунинг учун ёшлар қанчалик соғлом, билимли ва салоҳиятли бўлишса, келажагимиз ҳам порлоқ бўлади”, дейди Сенат раиси.  

Норбоеванинг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларнинг жисмонан соғлом ва маънан баркамол, билимли ва кенг дунқараш эгаси бўлиб тарбияланишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Бугун таълим, спорт соҳаларда бошланган ислоҳотлар бир неча йилдан кейин ўз натижасини беради. Соғлом танда соғ ақл бўлади”, дейди Норбоева.

5 ташаббуси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёшларига жўнатилган ушбу хайрия карвонидан умумий қиймати қарийб 50 миллиард сўмга тенг 96 турдаги спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари жой олган. Улар 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига ҳамда 7 542 та умумтаълим мактабларига етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил якунида ёшлар билан учрашиб, “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”, деган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг